platina.uz
Жамият

Қурилиш вазирлиги соҳадаги коррупцияни танқид қилган тадбиркор устидан ариза киритди

Усмонжон Абдусамадов Тошкентда битта уй учун 200 минг долларгача харажат қилиниши ҳақида гапирганди. Вазирлик мазкур баёнот сабаб ИИВга арз қилган. 

Қурилиш вазирлиги соҳадаги коррупцияни танқид қилган тадбиркор устидан ариза киритди

Қурилиш вазирлиги соҳадаги коррупцияни танқид қилган тадбиркор устидан ИИВга ариза киритганини билдирди.

29 август куни қурилиш соҳаси тадбиркорлари билан ўтказилган очиқ мулоқотда ўзини бир нечта қурилиш компаниялари раҳбари сифатида таништирган Усмонжон Абдусамадов "Тошкентда битта уй учун 200 минг долларгача харажат бор”, - дея гапирганди.

"Мазкур маълумотлар ижтимоий тармоқларда турли муҳокамаларни келтириб чиқарди. Натижада қурилиш соҳасида республика миқёсида олиб борилаётган ислоҳотларга, соҳа вакиллари ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига нисбатан салбий муносабат шаклланмоқда. Бу эса ўз навбатида Вазирлик ва унинг тизимида фаолият юритаётган ходимларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказмоқда.

Шу боис Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги фуқаро (тадбиркор) Усмонжон Абдусамадовга нисбатан тегишли тартибда жавобгарлик чоралари қўлланишини сўраб, Ички ишлар вазирлигига расмий ариза киритганини маълум қилади", дейилади вазирлик хабарида.

Вазирлик қурилиш соҳасига оид барча давлат хизматлари ва тўловлар белгиланган тартибда электрон тарзда амалга оширилишини айтган. Бу жараёнда қўшимча маблағ талаб қилиниши қатъий тақиқланган.

Жисмоний ва юридик шахслар шаҳарсозлик ҳужжатларини олиш учун аризаларни фақат Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) ёки Давлат хизматлари марказлари орқали юборишлари мумкин. Аризаларни кўриб чиқишда фуқаро ва ваколатли орган вакили ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотга йўл қўйилмайди. Хусусан, объект қурилишига оид рухсатнома олишдан тортиб, уни фойдаланишга қабул қилишгача бўлган барча жараёнлар “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими орқали тўлиқ назорат қилинади.

Бу жараёнлар Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 апрельдаги 200-сон қарори билан тасдиқланган маъмурий регламентлар асосида аниқ тартибга солинган, дея хулоса қилади вазирлик.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 70 119 55 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid