Ўзини “Президент администрацияси масъул ходими” дея 500 минг доллар сўраган шахсга ҳукм ўқилди
У тадбиркорни администрация томонидан унинг фаолияти бўйича текшириш ўтказиш топшириғи берилганини айтиб қўрқитган.

Тошкент шаҳрида яшовчи нуроний бухоролик тадбиркорга қўнғироқ қилиб, ўзини “Президент администрацияси масъул ходими” сифатида таништирган.
Сўнгра администрация томонидан унинг фаолияти бўйича текшириш ўтказиш топшириғи берилганини айтиб қўрқитган. Шундан сўнг “аризани тинчитиш” учун 500 минг доллар сўраган.
Ҳ.Ю. тадбиркорга администрация томонидан y раҳбарлик қилаётган жамият фаолияти бўйича текшириш ўтказиш топшириғи берилганини, жамиятга ажратилган кредит маблағлари мақсадсиз сарфлангани юзасидан маълумотлар борлигини айтиб қўрқитган.
Текшириш якунида барча мол-мулкларидан маҳрум бўлиши мумкинлигини билдирган.
Тадбиркор унинг банк картасига 10 млн сўм ўтказган. Ҳ.Ю. тадбиркор билан кўришганида тезкор тадбирда ушланди.
ЖИБ Бухоро шаҳар суди ҳукми билан Ҳ.Ю. Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а” бандида (жуда кўп миқдорда товламачилик) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Унга Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.





