Термизда судя ёрдамчиси қўлга олинди
У маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш бўйича айбланувчига нисбатан енгиллик яратиб бериш эвазига пул талаб қилган.

Термиз туман суди судя ёрдамчиси пора билан ушланди.
Жиноят ишлари бўйича Термиз туман судининг судя ёрдамчиси хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда мазкур туман судида кўрилаётган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш бўйича ҳуқуқбузарга нисбатан енгиллик яратиб бериши эвазига дастлаб 500 минг сўм пул маблағини олиб, қўшимча равишда 800 АҚШ доллари талаб қилади.
Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида Термиз шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда судя ёрдамчиси ўзининг қариндоши воситачилигида 800 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Икки кун аввал Сурхондарёда ҳакамлик суди мансабдори қўлга олинганди.
У термизлик фуқарони юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали вилоят божхона бошқармасига назоратчи вазифасига ишга жойлаштириш эвазига пора сўраган.