Сурхондарёда айиқ ва учта ёввойи тўнғизни овлаганлар ушланди
Ҳайвонот дунёсига жами 679 млн 800 минг сўм моддий зарар етказилган. Ҳуқуқбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг 202-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида навбатдаги рейд тадбири ўтказилди.
Рейд давомида оқ рангли “Niva Legend” русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилганида устки юкхонасида 8 та қопда 1 дона айиқ ва 3 дона ёввойи чўчқанинг тана бўлаклари топилган.
Шунингдек, автомашинада 3 дона сойли стволли ов қуроли, МС-2112 русумли силлиқ стволли ов милтиғи, Monza русумли ўқланган, ўқдонида 7,62 калибрли 4 дона ўқ бўлган сойли стволли ов қуроли, 43 дона 7,62 калибрли жанговар ўқ-дори, 56 дона майда сочмали ўқ, 13 дона якка жанговар ўқ, 2 дона бинокль, 2 дона овоз пасайтирувчи мослама (глушитель), пичоқлар, фонарлар, болта ва бошқа буюмлар аниқланган.
Рейд давомида ҳуқуқбузарлар томонидан Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани ҳудудида Қизил китобга киритилган 1 дона Тянь-Шань қўнғир айиғи ва 3 дона ёввойи тўнғиз ноқонуний овланганлиги маълум бўлди. Натижада ҳайвонот дунёсига 679 млн 800 минг сўм моддий зарар етказилган.
Ҳолат юзасидан ов қуроллари, ўқ-дорилар, рухсатномалар ва овчилик гувоҳномалари вақтинча сақлаш учун Самарқанд вилояти ИИБга топширилди, транспорт воситаси жарима майдончасига жойлаштирилди. Шунингдек, ҳуқуқбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг 202-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.





