Сурхондарёда ҳакамлик суди мансабдори қўлга олинди
У термизлик фуқарони юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали вилоят божхона бошқармасига назоратчи вазифасига ишга жойлаштириш эвазига пора сўраган.

Сурхондарёда ҳакамлик судининг кадрлар бўлими бошлиғига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Сурхондарё вилояти Медиация ва юридик маслаҳатлар ҳузуридаги ҳакамлик судининг кадрлар бўлими бошлиғи хизмат мавқеидан фойдаланган.
У Термиз шаҳрида истиқомат қилувчи фуқарони юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали вилоят Божхона бошқармасига назоратчи вазифасига ишга жойлаштириб қўйиш эвазига 1000 АҚШ доллари талаб қилади.
ДХХнинг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Термиз шаҳар прокуратураси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ушбу шахс сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Илгари Бухоро вилояти Пешку туманида ҳоким ёрдамчиси ушлангани хабар берилганди. У ҳокимият захирасидаги ер майдонини ахборот тизими орқали онлайн аукцион савдоларида сотиб олиб бериш эвазига пул талаб қилган.