platina.uz
Жамият

Нотариуслар томонидан айрим ҳужжатларнинг аслини талаб қилиш бекор қилинади

Улар орасида шахсни тасдиқловчи ҳужжат, никоҳ гувоҳномаси кабилар бор. Нотариус лавозимида бўлишнинг энг юқори ёш чегараси ҳам оширилади. 

Нотариуслар томонидан айрим ҳужжатларнинг аслини талаб қилиш бекор қилинади

Нотариал хизматлар кўрсатишда айрим талаблар бекор қилинади.

“Нотариат институтини янада ривожлантириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–280-сон, 09.09.2025 й.) қабул қилинди.

Гап нима ҳақида?

Қарорга кўра, 2025 йил 1 декабрдан республикада нотариал тасдиқланган никоҳ шартномалари нусхасини “Нотариус” ахборот тизими (Тизим) га мажбурий юклаш тартибини жорий этиш орқали уларнинг аслини нотариуслар томонидан талаб қилиш бекор қилинади.

Бунда нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жараёни қайд этилган аудио ва видеоёзувлар электрон қурилмаларда сақланади ҳамда уларни Тизимда тўғридан-тўғри нотариал ҳаракатга бириктириш ва сақлаш имконияти яратилади.

2026 йил 1 январдан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун нотариусга Ўзбекистон фуқаросининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг аслини тақдим этиш талаби бекор қилинади.

Бунда фуқароларнинг шахси уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат реквизитлари орқали ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда идентификация қилинади ҳамда биометрик маълумотлар (бармоқ изи ва Face-ID) орқали верификация қилинади.

2026 йил 1 апрелдан кўчмас мулк ва ундаги улушлар билан боғлиқ барча битимлар нотариус томонидан Тизим орқали давлат рўйхатидан ўтказиш учун юборилади.

Сўнг, кўчмас мулк объекти давлат рўйхатидан ўтказилганда унинг янги мулкдори ҳақидаги маълумотлар коммунал хизматлар ташкилотларининг электрон ахборот тизимларига автоматик тарзда юборилади ва маълумотлар базаларида янгиланади.

Қарорга кўра, 2026 йил 1 мартдан БҲМнинг 1 000 бараваригача бўлган қуйидаги низосиз талаблар бўйича нотариуслар томонидан ижро хатлари ёзиш тартиби жорий этилади:

-нотариал тасдиқланган битимларга асосланган талаб;

- ёзма ва нотариал тасдиқланган битим мавжуд бўлган тақдирда, ундирувни қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти бўлган кўчар мол-мулкка қаратиш тўғрисида талаб;

- ижара тўловлари, кўп квартирали уйлардаги жойларнинг мулкдорларидан мажбурий бадал ва тўловлар, коммунал ва алоқа хизматлари бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида талаблар.

Шунингдек, 2026 йил 1 апрелдан Ўзбекистонда нотариус лавозимида бўлишнинг энг юқори ёш чегараси 65 ёшдан 70 ёшга оширилади.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid