Пискентдаги полигонда автомобилларни текшириш амалиёти тўхтатилмоқда
Бу республикада расмий дилерлар ва сервис марказлари сони кескин ошганлиги билан изоҳланган.

Пискентдаги полигонда автомобилларни синовдан ўтказиш амалиёти тўхтатилди.
2025 йил 2 сентябрдан автомобилларни Пискент синов мажмуасида синовлардан ўтказиш амалиёти тўхтатилади. Бу ҳақда техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги хабар берди. Эндиликда бу тартибга эҳтиёж қолмаган.
Агентликнинг билдиришича, мазкур тартиб кучга кирган пайт, яъни 2024 йилнинг 1 ноябр ҳолатига мамлакатда фақатгина 3 та дилерлик маркази фаолият юритган ва улар атига 15 та автомодел учун турини маъқуллаш ҳужжатини олган бўлса, бугунга келиб, республикада 21 та хорижий компаниялар расмий дилерлари иш бошлаган ва 100 дан ортиқ автомобил русумларига турини маъқуллаш ҳужжатлари расмийлаштирилган.
“Шу муносабат билан, республикамизда расмий дилерлар ва сервис марказлари сони кескин ошганлиги ҳамда истеъмолчиларнинг расмий дилерлар билан ишлаш амалиёти жорий этилганлигини инобатга олиб, 2025 йил 2 сентябрдан автомобилларни Пискент автополигонида синовдан ўтказиш амалиёти тўхтатилади”, – дейилади хабарда.
Полигон ҳақида
Эслатиб ўтамиз, йил бошида Пискент туманидаги автомобил синов полигони узундан узун навбатлар туфайли кескин эътирозларга сабаб бўлганди.
Полигонда кўпинча транспорт воситаларини синовдан ўтказиш учун катта юзага келарди. Шунингдек, навбатлардан ташқари автомобиллар эгалари 1 дона электромобилни сертификатлаштириш учун хизмат кўрсатиш нархи 4 млн 479 минг 888 сўм тўлашган. Гибрид, бензин ҳамда дизель ёқилғисида ҳаракатланувчи енгил турдаги автотранспорт воситаси учун тўлов қиймати 5 млн 599 минг 888 сўм тўланган.
Синовлар агентликнинг шуъба корхонаси — "Ўзбекистон илмий синов ва сифат назорати маркази" давлат муассасаси (UzTest) томонидан ўтказиб келинган.