Наманган шаҳар ҳокими қамоққа олинди
У эскирган турар-жой бинолари ўрнига кўп қаватли уй барпо этиш ҳуқуқини олиб бериш ва молиялаштириш эвазига 60 минг доллар талаб қилгани айтилмоқда.

Наманган шаҳрида ҳокимига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳокимият органларида коррупцияга қарши курашиш йўналишида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди.
Хусусан, Наманган шаҳар ҳокими ва пойабзал ишлаб чиқарувчи масъулияти чекланган жамият раҳбари ўзаро тил бириктирган. Улар қурилиш соҳасида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган фуқародан шаҳар ҳудудидаги 35 сотих ер майдонида жойлашган маънан эскирган турар-жой бинолари ўрнига кўп қаватли уй барпо этиш ҳуқуқини олиб бериш ва молиялаштириш эвазига 60 минг АҚШ доллари талаб қилишади.
Ўтказилган тезкор тадбирда дастлаб МЧЖ раҳбари ушбу сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, шаҳар ҳокими ўзининг яна бир ишончли одами бўлган – ҳокимликнинг девонхона мудири орқали МЧЖ раҳбаридан 60 минг АҚШ долларини олган вақтида унинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.
Ҳозирда Наманган шаҳар ҳокими депутатлик дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бошқармаси Тергов бўлими томонидан унга ва девонхона мудирига нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 3-қисми “а” банди билан, МЧЖ раҳбарига нисбатан эса Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилди.
Шаҳар ҳокимига нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди. Очиқ манбаларга кўра, шаҳар ҳокими лавозимида 2023 йилдан бери Анвар Отахўжаев ишлаб келмоқда.
Таъкидлаш лозимки, тергов доирасида ҳокимнинг бошқа ноқонуний ҳаракатларига нисбатан ҳам ҳуқуқий баҳо берилади.
Порахўрлик билан боғлиқ ҳолат Тошкент вилоятида ҳам қайд этилиб, хусусан, Зангиота туман қишлоқ хўжалиги бўлими бош мутахассиси маҳаллий фуқарога тегишли уйнинг ёнида жойлашган ва давлат захирасида бўлган 8 сотих ер майдонини тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун туман ҳокимлиги томонидан тузиладиган ишчи гуруҳ орқали унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 40 минг АҚШ доллари талаб қилади.
Лекин, ушбу пул маблағидан 20 минг АҚШ долларини олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан унинг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилди.
Ҳозирда бош мутахассисга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Пора ва ҳокимлар
Наманган шаҳар раҳбари яқин орада қўлга олинган ягона ҳоким эмас.
Июл ойида Шароф Рашидов тумани собиқ ҳокими ҳам ушланганди.