Сурхондарёда энергетика мансабдори, Фарғонада Халқ қабулхонаси ходими ушланди
Мансабдор фермер хўжалигини қарздор эканига қарамай, электр тармоғига қайта улаб бериш эвазига пул талаб қилган.

Энергетика мансабдори ва Халқ қабулхонаси масъул ходими пора билан ушланди.
Сурхондарёда энергетика соҳасининг мансабдор ходимига, Фарғонада эса Халқ қабулхонасининг масъул ходимига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Гап нима ҳақида?
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ “Энергосавдо” филиалининг Сурхондарё вилояти Олтинсой туман бўлими бошлиғи туман Сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси бош мутахассиси билан ўзаро тил бириктирган.
Улар пахта етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликнинг электр энергиясидан қарздорлиги бўлсада, уни умумий фойдаланишда бўлган электр тармоғига қайта улаб бериш ва ўзида сақлаб келаётган фермер хўжаликка тегишли электрон ҳисоблагични қайтариб бериш эвазига 5 млн. сўм талаб қилади.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда улар сўралган пул маблағини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.
Фарғона вилоятида кузатилган ҳолатда эса Ўзбекистон тумани Халқ қабулхонаси етакчи мутахассиси ушланди. У 1965 й.т. фуқаронинг кредит қарздорлиги бўйича туман Мажбурий ижро бўлимида унга нисбатан юритилган ижро ҳужжатини танишлари орқали йўқ қилиб бериш эвазига 5 миллион сўм олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Ички ишлар органлари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ ДХХ Россия, Тожикистон ва Афғонистондан олиб келинган қарийб 80 кг наркотик моддалар тўхтатиб қолинганини маълум қилганди. Жумладан, 2005 ва 2006 йилларда туғилган икки фуқаро жами 62 кг наркотикни Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб келганда ушланган.