Фориш тумани ҳокими ўринбосари қўлга олинди
У 204 гектар суғориладиган ер майдонини ҳокимлик захирасига қайтармаслик ва келгусида эркин фойдаланишида раҳнамолик қилиш учун 30 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Фориш тумани ҳокими ўринбосари пора билан ушланди.
Коррупцияга қарши курашиш йўналишида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан тезкор-қидирув тадбирлари олиб борилган.
Унда ҳокимият органи мансабдор ходимининг ноқонуний ҳаракатлари фош этилди.
Гап нима ҳақида?
Жиззах вилояти Фориш тумани ҳокими ўринбосари ўзининг мансаб мавқеидан фойдаланишга уринган. У жорий йилнинг июн ойида қишлоқ хўжалиги соҳасига ихтисослашган МЧЖ томонидан аукцион савдолари орқали ютиб олинган 204 гектар суғориладиган ер майдонини туман ҳокимлиги захирасига қайтармаслик ва келгусида ушбу ердан эркин фойдаланишида раҳнамолик қилиш учун 30 минг АҚШ доллари талаб қилади.
Шундан ҳозир 20 минг АҚШ долларини беришини, қолган 10 минг АҚШ долларини эса ҳосил йиғимидан сўнг бериши кераклигини айтади.
Ҳоким ўринбосари сўралган пул маблағидан 20 минг АҚШ долларини ўзининг хизмат автомашинасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳолат юзасидан мазкур мансабдор шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 211-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, июл ойида Шароф Рашидов тумани ҳокими М. Холбўтаев ушланганди.