platina.uz
Жаҳон

Украина Трамп-Путин саммити олдидан талабларини эълон қилди

Улар орасида шартларсиз ўт очишни тўхтатиш, йирик миқдорда компенсация ва бошқалар бор. 

Украина Трамп-Путин саммити олдидан талабларини эълон қилди

Украина АҚШ ва Россия президентлари учрашуви олдидан бешта талаб қўйди. Бу ҳақда Politico нашри ёзмоқда.

Гап нима ҳақида?

Украинанинг Россия билан можарони ҳал қилишда бешта асосий талаби бор, деб ёзади нашр. Улар президентлар Доналд Трамп ва Владимир Путиннинг 15 август куни тинчлик жараёнини муҳокама қилиниши кутилаётган Аляскадаги учрашуви арафасида эълон қилинди.

Биринчи шарт ҳар қандай ҳудудий имтиёзлар олдидан барқарор ўт очишни тўхтатиш саналади. Трампнинг таъкидлашича, келишув “ҳудудлар алмашинуви”ни ўз ичига олиши мумкин, уларнинг номи ошкор этилмаган.

Wall Street Journal нашрининг ёзишича, Россия Украинага тан олинмаган ДХРнинг ўз назорати остида қолган қисмидан чиқиб кетишни ва ҳамма жойда фронт чизиғини музлатиб қўйишни таклиф қилган. Брюссел ва Киев, нашрга кўра, ўз қарши таклифида ерларни ўзаро алмашиш зарурлигини кўрсатган. Politico манбасига кўра, Украина Россия ўт очишни тўхтатишга рози бўлганидан кейингина бу каби масалаларни муҳокама қилишга тайёр бўлади.

WSJ таъкидлашича, Москва аввал қўшинларни олиб чиқишни талаб қилади, кейин эса ўт очишни тўхтатишга ваъда беради.

Шунингдек, Украина Россиядан етказилган зарарни қоплашини истайди. Politico маълумотларига кўра, у 500 миллиард доллардан 1 триллион долларгача баҳоланмоқда, Европада эса музлатилган Россия активларида камида 200 миллиард доллар бор. Уларнинг тақдири ноаниқ бўлса-да, Ғарб уларни мусодара қилишга қарор қилгани йўқ. Россия ўз мол-мулки билан қилинган ҳар қандай ҳаракат ўғирлик деб ҳисобланишини таъкидлади.

Шунингдек, Киев хавфсизлик кафолатларини олади. Агар аввалроқ Украина НАТОГА аъзо бўлишни талаб қилган бўлса, энди Трамп бундай сценарийни рад этганидан сўнг, Киев бунинг эвазига нимадир олмоқчи. Зеленскийнинг қайд этишича, унинг мамлакати бундай кафолатларни олмагунча, Россияга қарши санкциялар ўз кучида қолиши керак.

Яна бир талаб санкцияларни сақлаб қолиш билан боғлиқ, бироқ Трамп уларни бекор қилиши мумкинлигидан хавотирлар бор. Россия ноқонуний деб ҳисоблаган чекловларни бекор қилишни талаб қилмоқда.

Ҳарбий асирлар ва болаларнинг қайтиши. Москва ва Киев Истанбулдаги сўнгги тўғридан-тўғри музокараларда натижага эриша олган ягона масала маҳбусларни алмашишдир. Бу ёзда ҳам маҳбуслар, ҳам ҳалок бўлган аскарларнинг жасадлари алмашинуви фаоллашди.

Тарихий учрашув

15 августда Путин ва Трамп Аляскадаги ҳарбий базада учрашади. Трамп 13 август Европа давлатлари раҳбарлари билан видеомулоқот ўтказди. У саммитда Украина бўйича қарор бермаслигини айтган.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid