ОАВ: Трамп ва Путин учрашуви ҳарбий базада бўлиб ўтади
Украина президенти Владимир Зеленский учрашув натижаларини тан олмоқчи эмас.

Трамп ва Путин Аляскадаги ҳарбий базада учрашади.
Россия ва АҚШ президентлари Владимир Путин ва Доналд Трампнинг 15 августга режалаштирилган учрашуви Алясканинг Анкориж шаҳридаги Элмендорф-Ричардсон ҳаво кучлари базасида бўлиб ўтади.
Бу ҳақда Оқ уйдаги манбаларга асосланиб, CNN телеканали хабар берди.
Телеканал манбаларига кўра, АҚШ расмийлари саммитни ўтказиш учун жой топишда қийинчиликларга дуч келган. Сайёҳлик мавсуми туфайли Аляскада деярли ҳеч қандай мос жой қолмади. Жунеау, Анкориж ва Фейрбанксдаги вариантларни кўриб чиққач, ташкилотчилар фақат Анкорижда мос имкониятлар мавжуд деган хулосага келишди.
Оқ уй вакиллари Россия етакчиси билан ҳарбий обектда учрашув ўтказишдан қочмоқчи эди, бироқ Элмендорф-Ричардсон тарихий учрашув учун барча талабларга жавоб берадиган ягона жой бўлиб чиқди, дея қўшимча қилди манбалар.
Путин-Трамп саммити олдидан
Икки давлат раҳбарларининг учрашуви жаҳон ҳамжамияти эътиборида бўлиб турибди.
Украина президенти Владимир Зеленский Трампнинг эҳтимолий ён беришидан қўрқиб, ушбу учрашувнинг Украина бўйича натижаларини тан олмаслигини айтди. Аввал Украина урушни фронт чизиғида тўхтатиб, музлатишга рози экани ҳақида хабарлар тарқалганди.