platina.uz
Таҳлил

Ўхшамаган ҳийла: санкцияларни айланиб ўтмоқчи бўлган танкерлар тарихи

Бу ҳаракатлар Украинадаги уруш ва глобал энергетик хавфсизлик масалалари фонида АҚШ-Россия муносабатларининг янада ёмонлашувига олиб келмоқда.

Ўхшамаган ҳийла: санкцияларни айланиб ўтмоқчи бўлган танкерлар тарихи
Фотоколлаж: Platina.uz

2026 йил бошланиши билан АҚШ ва унинг президенти юритаётган сиёсат жаҳон ОАВлари диққат марказидан тушмаяпти.

Аввалига Россия-Украина масаласида Путинга ён босаётгандек кўринган Трамп энди очиқчасига Россия манфаатларига қарши қадамлар қўймоқда. Айниқса, Венесуэла президенти ўғирлаб кетилиб, Ню-Йорк штати суди биносига келтирилгани Трамп маъмуриятини янада руҳлантириб юборган кўринади. Трамп охирги баёнотларидан бирида Россия ва Путиндан қўрқмаслигини, АҚШ дунёда ҳар томонлама қудратли давлат эканини айтди. Шунингдек, АҚШ давлат котиби Марко Рубио ҳам “биз Эрон ва Россия каби душманларимизни Венесуэлага яқинлаштирмаймиз”, дея баёнот берди.

Ўз иттифоқчиларининг АҚШ томонидан маҳв этилишини жимгина томоша қилиб ўтиришдан бошқасига ярамаётган Путин анча эсанкираб қолди. Амалий жавоб беришга ярамаган Москва фақат даҳанаки таҳдидлар билан чекланмоқда.

Нефт савдосига қўйилган санкциялар самараси ортяпти

2026 йил январ ойи бошида АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари ва Қирғоқ қўриқлаш хизмати томонидан амалга оширилган қатор операциялар жаҳон жамоатчилиги диққатини тортди. Ушбу операциялар давомида “соя флоти” деб аталувчи тармоққа алоқадор бир нечта нефт танкерлари қўлга олинди. Бу флот Ғарб давлатлари жорий этган санкцияларни айланиб ўтиш ва тақиқланган нефт ташиш учун фойдаланиладиган кемалар тизимидир.

Мазкур воқеа АҚШ билан Россияга боғлиқ санкциядан қочиш схемалари ўртасидаги энг жиддий тўқнашувлардан бири сифатида баҳоланмоқда. Унинг сиёсий ва иқтисодий оқибатлари эса оддий санкция чораларидан анча кенгроқ доирага эга.

Маълумот учун, “Соя флоти” (shadow fleet) атамаси халқаро санкцияларни четлаб ўтиш мақсадида фойдаланиладиган нефт танкерлари ва бошқа денгиз кемалари тармоғини англатади. Бу кемалар ҳақиқий эгасини яширади, байроғини тез-тез ўзгартиради, мураккаб рўйхатдан ўтиш схемаларидан фойдаланади ва кузатув тизимлари – AIS навигация тизимлари ва респондерларни ўчирган ҳолда нефт ташийди.

Ушбу кемалар Россия, Венесуэла, Эрон каби санкция остидаги давлатлар нефтини ташишда қўлланилади. Таҳлилчилар баҳосига кўра, минглаб бундай кемалар ҳар куни миллионлаб баррел нефт ташиб, санкциялар остидаги давлатларга ўнлаб миллиард долларлик даромад келтирмоқда.

Шу сабабли “соя флоти” санкцияларни айланиб ўтиш инфратузилмасининг асосий элементи ҳисобланади ва санкция остидаги давлатларнинг ташқи иқтисодий барқарорлигини таъминлаб, санкциялар самарасини камайтирмоқда.

“Соя флоти”га, демакки Путинга берилган оғир зарба

Январ ойининг иккинчи ҳафтасида АҚШ томонидан олиб борилган кенг қамровли операция доирасида камида учта кема қўлга олинди, улар тўғридан-тўғри ёки билвосита “соя флоти” фаолияти билан боғлиқ бўлган.

7 январ куни Шимолий Атлантика океани сувларида АҚШ кучлари илгари Bella 1 номи билан юрган, кейинчалик шоша-пиша “Маринер” деб қайта номланган ва Россия байроғини кўтарган танкерни бир неча ҳафта давомида таъқиб қилди.

Кема айни шу рейс пайтида Россия байроғи остида рўйхатдан ўтган. У иккита АҚШ эсминеци ва Буюк Британия разведкаси ёрдамида амалга оширилган операция натижасида қўлга олинди.

АҚШ маълумотларига кўра, “Маринер” санкция остидаги нефт, жумладан, Венесуэла ёки Эронга боғлиқ юкларни ташишда иштирок этган ва қасддан назоратдан қочишга уринган. Эрон портидан йўлга чиққан кема АҚШ томонидан блокада қилинган Венесуэла портларига киришга уринган. Маълумотларга кўра, кемада 17 нафар украин фуқароси қулликда сақланган ва 2 нафар Россия фуқароси томонидан ишлатилган.

Россия кемани ҳимоя қилиш учун ҳарбий ва сувости кемасини жўнатди. Аммо АҚШ десанти улардан атиги 10 дақиқа олдин “Маринер”га тушди ва қўлга олди. Рус кемалари вазиятни жимгина кузатиб ўтиришдан бошқа бирор чорага ярамади.

Яқинда эса Доналд Трамп “Маринер” танкери экипажининг икки нафар россиялик аъзосини озод қилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Кураш кескин тус олмоқда

Шу кунларда Кариб денгизида яна бир танкер – “София” тўхтатилди. АҚШ армиясининг Жанубий қўмондонлиги маълум қилишича, “тонг арафасида ўтказилган операция” давомида Кариб денгизида санкция остидаги “соя флоти”га мансуб яна бир нефт танкерини қўлга олди.

Ҳарбийлар маълумотига кўра, “София” номли, давлатга мансублиги мавжуд бўлмаган танкер халқаро сувларда жойлашган, ноқонуний фаолият билан шуғулланган. Ҳозирда АҚШ Қирғоқ қўриқлаш хизмати танкерни унинг кейинги тақдири бўйича якуний қарор қабул қилиш учун конвой остида олиб кетмоқда.

Reuters манбаларининг хабар беришича, кема Панама байроғи остида ҳаракатланган. Уларга кўра, танкер январ ойи бошида Венесуэла сувларини тарк этган ва Венесуэла нефтини Хитойга олиб бораётган “соя флоти” таркибида бўлган. Шу билан бирга, CBS News’нинг икки манбаси кема Камерун байроғи остида сузганини таъкидламоқда.

Танкернинг Россия билан боғлиқ ёки боғлиқ эмаслиги аниқ айтилмаган. Бироқ АҚШ Ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэмнинг баёнотида у Россия байроғи остида ҳаракатланган ва АҚШ ҳарбийлари томонидан Атлантика океанининг шимолий қисмида қўлга олинган “Белла 1” (“Маринер”) нефт танкери билан бирга текширилмоқда.

“София” номи, Панама байроғи остида ҳаракатланган танкер 2025 йил 1 октябр куни АҚШ санкциялари рўйхатига киритилган. Ўша пайтда АҚШ Молия вазирлиги жорий этган чекловлар рўйхатига Россия ва Венесуэлага тегишли кемачилик компаниялари ҳамда қатор кемалар киритилган эди.

“София” давлат байроғисиз бўлган, бу эса уни халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан ҳимоясиз ҳолатга келтиради. АҚШ ҳарбийлари бундай кемалар санкциядан қочиш учун махсус қўлланилишини таъкидламоқда.

Турли манбаларга кўра, охирги бир ой ичида АҚШ камида яна битта санкция остидаги кемани тўхтатган. Шу тариқа қўлга олинган танкерлар сони уч ёки тўрттага етган.

Жаҳон муносабати

Доналд Трамп маъмурияти санкция остидаги нефт ташилишининг олдини олишга қаратилган сиёсатни кескин кучайтирди. Асосий мақсад – Россия, Венесуэла ва Эрон каби давлатларнинг нефт орқали олинадиган даромадларини қисқартиришдан иборат. АҚШ расмийларига кўра, ушбу кемалар санкция режимларини бузган ва шунинг учун қўлга олиниши қонуний. Бироқ Россия ва айрим давлатлар бу ҳаракатларни халқаро денгиз ҳуқуқини бузиш деб баҳоламоқда.

Россия ҳукумати танкерларни қўлга олишни ноқонуний ва провокацион ҳаракат деб атаб, бу Атлантикада ҳарбий-сиёсий кескинликни ошириши мумкинлигидан огоҳлантирди. Кремл, айниқса, “Маринер” кемаси Россия байроғи остида сузганини таъкидлаб, экипаж ҳуқуқлари таъминланиши ва улар зудлик билан ватанига қайтарилишини талаб қилди.

Буюк Британия АҚШ ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб, бу санкцияларни таъминлашга хизмат қилишини билдирди. НАТО давлатлари “соя флоти” кемаларида қуролланган қўриқчилар мавжудлиги ҳақида хавотир билдириб, бу денгизда хавфли инцидентларга олиб келиши мумкинлигини айтди.

Ушбу кемаларнинг қўлга олиниши санкцияларни айланиб ўтиш схемаларига жиддий зарба бериб, Россия ва унинг шериклари учун нефтдан тушадиган даромадларни қисқартириши мумкин.

Аммо бу ҳаракатлар, айниқса Украинадаги уруш ва глобал энергетик хавфсизлик масалалари фонида, АҚШ-Россия муносабатларининг янада ёмонлашувига олиб келмоқда.

Шунингдек, санкция қоидалари ва давлат байроғи остидаги кемаларни қўлга олиш ҳуқуқи масаласи халқаро суд ва арбитражларда баҳс мавзусига айланиши мумкин.

Хулоса

Умуман олганда, Россиянинг “соя флоти”га мансуб учта кеманинг қўлга олиниши – бу оддий техник санкция чораси эмас. Бу АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан очиқ геосиёсий сигнал бўлиб, санкцияларни айланиб ўтишга қарши қатъий ҳаракатларга тайёр эканини кўрсатади.

Ушбу воқеалар 2026 йилда халқаро денгиз сиёсати, санкция амалиёти ва йирик давлатлар ўртасидаги муносабатларни қайта шакллантириши мумкин. “Соя флоти” мавзуси эса глобал геоиқтисодий муҳокамалар марказида қолиши аниқ.

Буларга жавобан Россия Украинага “Орешник” ракеталари билан зарба берди. Қурбонлар бўйича ҳозирча маълумот йўқ. Лвовдаги йирик газ сақлаш омбори нишонга олинган. Таҳлилчиларга кўра, охирги пайтларда АҚШ ва Ғарбнинг Россия агрессиясини тўхтатишга қаратилган кескин чора-тадбирларига жавоб беришга ожизлик қилаётган Москва шу тариқа ўзича Ғарбни қўрқитиб қўйишга уринмоқда.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid