Ўзбекистон 100 йилдан сўнг юқори даромадли давлатлар сафига қўшилиши мумкин
Марказий Осиё давлатлари орасида жон бошига 14 минг долларлик даромад даражасига Қозоғистон ва Туркманистон тахминан 25 йилда етиши кутилмоқда.

Жаҳон банкининг ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистон юқори даромадли мамлакатлар қаторига Марказий Осиёдан энг охирги бўлиб кириши мумкин. Бу ҳақда Pinkod маълумот бериб ўтди.
Жаҳон банкининг такидлашича, Марказий Осиё мамлакатлари ичида жон бошига даромад бўйича юқори даромадли давлатлар (2023 йил ҳисобида — 14 минг доллар) қаторига биринчи бўлиб Қозоғистон ва Туркманистон кириши кутилмоқда. Мазкур даражага етиш учун уларга ўртача 25 йил керак бўлиши айтилган.
Прогнозларга кўра, Қирғизистон тахминан 70 йилдан сўнг юқори даромад даражасига эришади. Ўзбекистон ва Тожикистон эса минтақада энг охирги бўлиб бу босқичга чиқади — бу жараён улар учун 100 йилдан ортиқ вақт олиши мумкин.
Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг таъкидлашича, бу прогнозлар сўнгги 10 йилдаги ўртача иқтисодий ўсиш суръатлари асосида тузилган. Бироқ ҳисоб-китобларга Covid-19 пандемияси давридаги иқтисодий пасайишлар ҳамда давр бошида Қозоғистон ва Қирғизистонда кузатилган даромадларнинг кескин камайиши ҳам таъсир қилган. Натижада умумий ўсиш суръатлари паст кўриниб, прогноз муддати чўзилган.
Шу билан бирга, иқтисодчи пандемиядан кейинги ижобий иқтисодий динамика муддатларни сезиларли қисқартириши мумкинлигини айтмоқда:
“Ҳисоб-китобларимга кўра, Қозоғистон 2026 йилнинг ўзида жон бошига 14 минг долларлик даражадан ўтади. Туркманистон — 2034 йилда, Тожикистон — 2037 йилда, Ўзбекистон эса 2042 йилда бу босқичга етади. Шундай бўлса-да, Ўзбекистон минтақада энг охирги бўлиб юқори даромадли давлатлар қаторига киради”, — дейди иқтисодчи.
Пандемиядан кейинги тезлашган иқтисодий ўсиш прогноз муддатларини анча қисқартирса-да, Ўзбекистон юқори даромадли мамлакатлар сафида минтақада барибир сўнгги ўринда бўлиши кутилмоқда.