platina.uz
Сиёсат

Тошкентдаги чироқ ўчишлар бўйича президентга ахборот берилди

46 та подстанция ва 207 та трансформатор ортиқча юклама билан ишлаяпти. Йил бошидан бери электр истеъмолчилари 40 мингтага кўпайиб, талаб 6 фоиз ўсган.

Тошкентдаги чироқ ўчишлар бўйича президентга ахборот берилди
Фото: Президент матбуот хизмати.

Президент Шавкат Мирзиёевга пойтахтдаги чироқ ўчишлари ҳақида маълумот берилди.

Пойтахтида аҳоли сони ҳам, бунёдкорлик кўлами ҳам ошиб бормоқда. Бир йил ичида 12 мингта янги қувват, савдо ва сервис мажмуалари ишга тушди. Одамларнинг турмуш тарзи яхшиланиб, маиший техникалардан фойдаланиш кўпайяпти.

Гап нима ҳақида?

Июл ойида Ўзбекистонда аномал иссиқ кузатилди. Натижада электрга талаб ошди, Тошкентда чироқ ўчиш ҳолатлари кўпайди.

Буларнинг барчаси энергияга талабни оширади. Шуни ҳисобга олиб, охирги икки йилда Тошкентда электр таъминотини яхшилаш учун 2 триллион 800 миллиард сўм йўналтирилган. 36 та подстанция, 665 та трансформатор, 2 минг километрдан зиёд тармоқ янгиланган.

Лекин ҳали қилинадиган ишлар кўп. 46 та подстанция ва 207 та трансформатор ортиқча юклама билан ишлаяпти. Йил бошидан бери пойтахтимизда электр истеъмолчилари яна 40 мингтага кўпайган, талаб 6 фоиз ўсган.

Шу билан бирга, илгари ёздаги жазирама кунлар давомийлиги бир ҳафтадан ошмаган бўлса, бу йил 20 кунгача чўзилган. Оқибатда июл ойида Тошкент шаҳрида истеъмол миқдори 900 миллион киловатт-соатдан ошган.

Бу омиллар модернизация жараёнларини изчил давом эттиришни талаб қилади. Тақдимотда энергетика вазири пойтахтимиздаги ҳар бир туман ва маҳаллалар кесимида режаларни баён қилди.

Унга кўра, бу йил биринчи босқичда 374 километр тармоқ, 11 та подстанция, 62 та трансформаторни янгилаш кўзда тутилган. Келаси йил яна 788 километр тармоқ, 35 та подстанция ва 145 та трансформатор модернизация қилинади. Жумладан, маҳаллалардаги трансформатор ва тармоқлар таъмирланиб, янгилари ўрнатилади.

Президентимиз куз-қиш мавсумига оз фурсат қолганига эътибор қаратиб, бу йилги режани 1 ноябргача якунлаш зарурлигини таъкидлади.

Сўнгги йилларда барча ҳудудларда генерация кўпайтириб борилмоқда. Шу билан бирга, саноат корхоналарини муқобил энергия тизимига ўтказиш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, 2027 йилгача йирик корхоналар ва туризм масканларида 752 мегаваттли қуёш станцияси ҳамда 812 мегаваттли сақлаш қувватларини ташкил этиш режалаштирилган.

Мутасаддилар атом энергетикаси йўналишидаги ишлар ҳақида ҳам ахборот берди.

Маълумки, юртимизда кичик қувватли атом электр станцияси қуриш бўйича иш олиб борилмоқда. Бўлажак станциянинг ҳар бир босқичи – лойиҳалаштиришдан то битгунга қадар Халқаро атом энергияси агентлигининг қатъий назорати остида бўлади, энг илғор хавфсизлик талаблари татбиқ этилади.

Президент режадаги иншоотларни сифат ва муддатга амал қилган ҳолда ишга тушириб, барқарор энергия қувватларини яратиш бўйича кўрсатмалар берди. Вазирлар Маҳкамасига энергия самарадорликни ошириш масаласини ҳар ҳафта муҳокама қилиб бориш топширилди.

Таъкидлаш керакки, июл охирида электр ўчишлари сабаб “Тошкент шаҳар электр тармоқлари” бошлиғи ва 11 нафар электр корхоналари раҳбарлари интизомий жавобгарликка тортилганди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid