Президентга Навоийдаги конлар бўйича лойиҳалар таништирилди
Вилоятдаги 1,6 млрд долларлик қўшимча лойиҳалар натижасида бюджетга 1 трлн сўм тушум имконияти пайдо бўлиши кутиляпти.

Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 7 август куни Навоий вилоятида ислоҳотлар натижадорлиги ва янги режалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди. Унда янги конлар ҳақида ҳам маълумотлар берилди.
Гап нимада?
Навоий вилояти – ерости бойликлари, саноати ва қишлоқ хўжалиги бўйича улкан салоҳиятли ҳудуд. Буларнинг негизида сўнгги саккиз йилда 8 млрд долларлик 7 мингдан зиёд лойиҳа амалга оширилиб, 73 мингта иш ўрни яратилган. Тадбиркорлар сони 10 мингтадан 30 мингтага кўпайган.
Мамлакатдаги қазилма бойликларининг 20 фоизи, яйловларнинг 43 фоизи шу ҳудудда жойлашган. Йирик корхоналар ва қулай инфратузилма кўплаб ёндош тармоқларда талаб яратган.
Бу йил 6 ойда инвестиция ҳажми 643 миллион долларга етган, экспорт 635 миллион доллардан ошган. 550 миллион долларлик янги қувватлар, 1140 та савдо ва сервис мажмуалари ишга тушган.
"Лекин ҳали фойдаланилмаган манбалар жуда кўп. Навоий вилоятида йирик саноат тармоқларидан ташқари яйловларни ўзлаштириш, чорвачиликни ривожлантириш, хизмат турларини кўпайтириш бўйича имкониятлар бепоён", деган тақдимот билан танишган давлат раҳбари.
Янги конлар ва инвесторлар
Ғозғон шаҳри, Нурота, Хатирчи, Навбаҳор ва Учқудуқ туманларидаги 8 та конга инвесторлар 566 миллион доллар сармоя киритишга тайёрлигини билдирган. Бунинг натижасида саноат ҳажми 2,5 триллион сўмга, экспорт 100 миллион долларга кўпайиши айтилмоқда.
Масалан, Нурота туманида 750 миллион куб метр гранит тошлари захираси бор. Уни қайта ишлаш учун 50 гектар майдонда саноат зонаси ташкил этиш таклиф қилинган.
Шу тумандаги 10 та маҳаллада 5 мингдан зиёд хотин-қиз каштачилик билан шуғулланяпти, энди яна 28 та маҳаллада Каштачилик марказлари очилади. Айтилишича, эҳтиёжманд оилаларни қуёш панеллари ва кўчма дўконлар билан таъминлаб, камбағалликдан чиқариш кўзда тутилган.
"Вилоятдаги 3 миллион гектар яйлов қишлоқ хўжалиги учун катта имконият. Масалан, қизилтепалик тадбиркор минг гектар яйловда ёмғирлатиб ва томчилаб суғориш технологиясини қўллаб, экспортбоп экинлар етиштирмоқда. Энди чорвачиликни йўлга қўйиб, сутни қайта ишлаш ташаббусини билдирган", дейилган президент матбуот хизмати хабарида.
Давлат раҳбари яйловларга сув чиқаришга кўмаклашиб, улардан самарали фойдаланиш, озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш зарурлигини айтган.