Озиқ-овқат захираси учун 3 та ҳудудда бюджетдан пул ажратилмаган
18 та туман ва шаҳарда гўшт, картошка, сабзи, пиёз ва гуруч билан узлуксиз таъминлашда сусткашликка йўл қўйилмоқда.
Шавкат Мирзиёев 18 та туман ва шаҳарда бозорларни гўшт, картошка, сабзи, пиёз ва гуруч билан узлуксиз таъминлашда сусткашликка йўл қўйилаётгани, озиқ-овқат жамғармалари учун Сирдарё, Хоразм ва Тошкент шаҳрида маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилмаганини танқид қилди.
Навоийда ўтаётган йиғилишда давлат раҳбари захира қилиш ишларидаги камчиликлар учун айрим ҳудудларда картошка ва гўшт нархи ўсганига ҳам эътибор қаратди.
Шунингдек, Бош прокуратура, Рақобат қўмитаси ва бошқа масъул идораларга захира яратиш, нарх устидан мониторинг қилиш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳлар тузиш, нарх энг юқори ўсган туман ва шаҳарларда бозорларни барқарорлаштириш бўйича тезкор чоралар кўриш топширилди.
Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари олдига 620 минг тонна маҳсулот захирасини яратиш вазифаси қўйилди.