Женнифер Лопес концертидан сўнг Арманистондаги стадион жиддий зарар кўрди
Тошкентдаги "Бунёдкор" стадиони ҳам худди шундай аҳволга тушишидан хавотирлар билдирилмоқда.

Аерикалик машҳур юлдуз Женнифер Лопес МДҲ давлатлари бўйлаб концерт бермоқда. Маълумотларга кўра, унинг Еревандаги чиқишида стадион чимига жиддий зарар етган. Хонанда Тошкентда ҳам айнан футбол стадионида чиқиш қилади.
Гап нимада?
Женнифер Лопеснинг 3 август куни ўтган концертидан сўнг арман футбол жамоатчилиги эътибори Еревандаги Республика стадионига қаратилди. Бундай кенг кўламли концертларни ўтказиш майсазорга хавф туғдиради. Арман ОАВларига кўра, майса жуда ёмон ҳолатда ва стадион ходимлари уни нормал ҳолатга келтириш учун катта ҳажмдаги ишларни бажаришлари керак бўлади.
Айни дамда Лопеснинг концертидан сўнг стадионга ташриф буюришга муваффақ бўлган шахсларнинг фикрига кўра, у ерда футбол ўйинларини ўтказишнинг иложи йўқ. Аммо Арманистон чемпиони “Нуҳ” 21 август куни Европа лигаси плей-офф босқичига чиқса, еврокубокнинг ушбу босқичидаги илк учрашувни Республика стадионида ўтказиши керак бўлади. Бу санага қадар майсазорни нормал ҳолатга келтиришнинг иложи йўқ.
Стадион директори Ашот Барсегян "Спутник Арманистон"га аввалроқ хабар берганидек, реставрация ишлари аллақачон бошланган. Унинг сўзларига кўра, концертдан кейин майсазор бироз сарғайган.
"Стадион шунчаки суғорилиши ва текисланиши керак - бошқа ҳеч нарса талаб қилинмайди", деди у.
Бироқ, ОАВнинг ёзишича, фақат суғориш етарли эмас. Шунингдек, 6 сентябрда ЖЧ саралашида Арманистон Португалия билан ўйнайди. Стадион бунга тайёр бўладими-йўқми, аниқ жавоб берилмаган.
Эслатиб ўтамиз, бугун 7 август куни Лопес Тошкентдаги "Бунёдкор" стадионида концерт беради. Стадион чими аввал ҳам қатор муаммоларга сабаб бўлгани маълум.
Эслатиб ўтамиз, Женнифер Лопес 3 августдан Ереванда концерт берди. 7 август куни у Тошкентда, 10 августда эса Олмаоатада концерт дастурини намойиш этади.