Туркиядаги ўрмон ёнғинларида 14 киши ҳалок бўлди
Олов мамлакатнинг тўртинчи йирик шаҳри бўлган Бурсага яқинлашмоқда.

Туркиядаги йирик ўрмон ёнғинлари сабаб 14 киши ҳалок бўлди.
Мамлакатдаги ўрмон ёнғинлари тўртинчи йирик шаҳар Бурсага жуда яқинлашди. Атрофдаги аҳоли пунктларидан 1700 дан ортиқ аҳоли эвакуация қилинган.
Ёнғинни ўчириш учун 1900 га яқин ўт ўчирувчи юборилган. Fox News телеканалининг Туркия расмийларига асосланиб хабар беришича, бир нафар ўт ўчирувчи ёнғинни ўчириш вақтида юрак хуружидан вафот этган.
Туркияда кучли ўрмон ёнғинлари бошланганидан бери бир ой ичида 14 киши ҳалок бўлди, улардан 10 нафари кўнгиллилар ва ўрмон хўжалиги ходимлари. Ўтган шанба, 26 июл ҳолатига кўра, мамлакатда 84 та ёнғин содир бўлган. Ғарбий Измир ва Билежик вилоятлари фалокат зоналари деб эълон қилинди.
Вазият қурғоқчилик, кучли шамол ва ғайритабиий иссиқлик туфайли янада оғирлашмоқда. 25 июль куни жануби-шарқдаги Сирнак вилоятида ҳаво ҳарорати +50,5 даражага етди, бу мамлакат учун рекорд кўрсаткич ҳисобланади. 132 аҳоли пунктида июль ойидаги ҳаво ҳарорати ҳам рекордларни янгилади.
Туркия прокуратураси 33 вилоятда ўт қўйиш ҳужумларини тергов қилмоқда, 97 гумонланувчи тергов остида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бўстонлиқ тумани ва Сурхон давлат қўриқхонасида ҳам ёнғин юз берганди.