Рамзан Қодиров Туркияда чўкиб кетишига бир бахя қолди
Чеченистон раҳбари Эгей денгизи соҳилида дам олаётган бўлган.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Туркияда таътил пайтида чўкиб кетишига сал қолди, дея ёзмоқда ОАВлар.
Қодиров Эгей денгизи соҳилида дам олаётган бўлган. Ҳодиса Бодрумда, Қодиров яшаётган беш юлдузли меҳмонхона яқинида юз берди.
Чеченистон раҳбари соҳилда қутқариб олинди ва зудлик билан хусусий клиникага олиб кетилди.
"Қодиров сувга тушганидан кейин у бирдан чўкиб кета бошлади. Буни биринчи бўлиб меҳмонхона ходимлари пайқаб қолишди, улар зудлик билан тез ёрдам ва қирғоқ қўриқлаш хизматини чақиришди. Воқеа жойига қутқарувчилар ва шифокорлар етиб келиб, соҳилда биринчи тиббий ёрдам кўрсатишди", - деб ёзади турк нашрларидан бири.
Клиникада шифокорлар беморнинг аҳволи барқарор экани, ҳаётига хавф йўқлигини маълум қилишди. Тез орада унга жавоб берилган. Чеченистон расмийларидан ҳозирча ҳеч қандай изоҳ берилмаган.
Эслатиб ўтамиз, Рамзан Қодировнинг соғлиғи кўп муҳокама қилинади. Аввалроқ у Путиндан истеъфо сўрагани ҳам хабар берилганди.