Андижонда яна 37 миллиард сўмдан ошиқ пул ажратилади
Шундан 3,7 миллиард сўми махсус дастур доирасида тиббиёт муассасалари учун сарфланади.

Халқ депутатлари Андижон вилояти кенгаши пул ажратиш бўйича навбатдаги қарорини чиқарди. Қарор 2025 йил 24 июл куни эълон қилинган.
Унга кўра, Андижон вилояти вилоят бюджетининг 2025 йил 2-чорак даромадлар режасини орттириб бажарилган қисми ҳисобидан тегишли ташкилот ва муассасаларга жами 33 050 (ўттиз уч миллиард эллик) миллион сўм;
- Президентнинг 19.05.2025 йилдаги ПҚ-185-сон қарорига асосан “Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар вақти” дастури ижроси учун тиббиёт муассасаларига 2-иловага мувофиқ жами 3 700 (уч миллиард етти юз) миллион сўм;
- Андижон вилоятининг Қирғизистон Республикаси билан чегарадош бўлган ҳудудларига кузатув камераларини ўрнатиш харажатлари учун 3-иловага мувофиқ туманлар маҳаллий бюджетларига 342,0 (уч юз қирқ икки) миллион сўм;
- умумий жами 37 092,0 (ўттиз етти миллиард тўқсон икки) миллион сўм миқдорида маблағлар ажратилади.
Маблағлар қуйидагича тақсимланади: чегара ҳарбий қисмларини таъмирлаш ва техникалар учун 5 млрд сўм, вилоят ҳокимлиги маъмурий биносини қўриқлашдаги қарзни ёпиш учун 1,5 млрд сўм, тарихий "Бобурнома" филмини олиш учун 2 млрд сўм, Пахтаобод тумани туғруқ бирлашмасини таъмирлаш учун 2 млрд 62 млн сўм, тумандаги йўлларни асфалтлаш ишларига 4,5 млрд берилади.
Бундан ташқари вилоятдаги тиббиёт муассасаларига 3,7 млрд сўм берилади.
Куни кеча ҳам вилоят бюджетидан 15 млрд сўм ажратилганди.