Ижарага олинган машиналарни бировларга пуллаб юборган фирибгар жазога тортилди
У олдин Сирғали бозорида автомашина олди-сотдиси билан шуғулланган ва катта қарз туфайли ушбу жиноятларни содир этганини айтган.

2025 йил 18 июн куни жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани суди одамлардан уй ва машина ижарага олиб, жиноят содир этган шахсга ҳукм чиқарилди. Суд иши нусхаси Platina.uz ихтиёрида мавжуд.
Маълум бўлишича, айбланувчи О.И. ўзига ишониб топширилган мулкни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш ҳамда такроран ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини қўлга киритишда ифодаланган жиноий қилмишни содир этган.
У Юнусобод туманида ўзи ижарага олган уйнинг ётоқхонасида турган
жами баҳоси 10 000 000 сўмлик бир дона юмшоқ диван, кийиниш столи, ётоқхона мебели, шкафи ва жовончасини, шунингдек бир дона баҳоси 1 900 000 сўмлик, ўлчами 32 дюмли “Artel” русумли телевизорини ижтимоий тармоқнинг “Olx.uz” сайти орқали сотувга қўйиб, терговда шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаган шахсларга сотиб юборган.
Бундан ташқари, И.О. ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, “My Rent” МЧЖга келиб, гўёки автомашинани ижарага олишга эҳтиёжи борлигини айтган. У автомашина учун 2.400.000 сўм ижара пулини тўлаб, сўнгра Андижон вилояти ҳудудида терговда аниқлашнинг имкони бўлмаган шахсга сотиб юборган. Сўнгра “Bussines Rent Car” МЧЖга бориб, 26 минг доллар турадиган “Малибу-2” русумли автомашинани уч кун ичида қайтариб олиб келиш шарти билан келишиб, уни ҳам Андижон вилоятида сотиб юборган. У шундан сўнг яна ушбу МЧЖдан "Малибу 2" автомобили олиб, уни танишига сотган ва дастлаб 7.000 АҚШ доллари олиб, автомашина учун келишилган пулнинг қолган қисмини олганидан сўнг, унинг номига нотариал тартибда расмийлаштириб беришга ваъда қилиб, олинган пулни ўзининг шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборган.
Судланувчи О.И. эълон қилинган айбловга тўлиқ иқрорлик ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлик билдирди. У олдин Сирғали бозорида автомашина олди-сотдиси билан шуғулланганиб юрганлиги, бундан ташқари уй қурилиши учун пул тикиб, қарзга кириб қолганлиги, фоизга қарз олиб, қарзларини қайтара олмай қолганлигини маълум қилган.
Айбланувчига ўташ учун иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 7 ой 24 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Иш бўйича етказилган зарарлар қопланиб, даъвогарлар судланувчига даъвосини йўқлигини билдирган.
Суд иши Олий суд порталидан олинди.