Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тугатилмоқда
Унинг асосида Миллий контент ишлаб чиқарувчи марказ ташкил этилмоқда.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) фаолияти тугатилмоқда.
Эндиликда ҳар қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжат ва лойиҳа Президент Администрацияси ҳузуридаги илмий-таҳлилий институтлар тадқиқотлари, олимлар, маҳаллий ва хорижий экспертларнинг тавсиялари асосида ишлаб чиқилади.
Муҳим йўналишлар лойиҳа офислари орқали амалга оширилади. Администрация фаолиятида “комплаенс” тизими йўлга қўйилади.
Бу эса шаффофликни таъминлаш, ижро интизомини мустаҳкамлаш ва коррупция ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.
Айрим йўналишларда Президент вакиллари лавозимлари жорий этилди. Шунингдек, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) фаолияти тугатилиб, унинг асосида Миллий контент ишлаб чиқарувчи марказ ташкил этилмоқда.
Давлат идораларининг жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлиги оширилмоқда. Матбуот котиблари институти янада мустаҳкамланади, аҳоли билан коммуникация қилиш ва оммавий ахборот воситалари билан ишлашнинг янги тизими жорий этилмоқда.
Аввалроқ Президент Администрацияси фаолиятининг янги тузилмаси тасдиқланганди.