АОКАдан янги қонун лойиҳаси: сўз эркинлиги ҳимоясими ёки?..
Блогер, вайнер, сайтлар ва телеграм каналлар эгалари учун янги тартиб-қоидалар ишлаб чиқилди.

Муҳокамалар порталига "Онлайн-платформа ва веб-сайтлар фойдаланувчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси жойлаштирилди. Унга кўра, бир қатор янги атамалар ва қоидалар кучга кириши мумкин.
Қонуннинг асосий тушунчалар қисмига инфлюенcер атамаси киритилган – онлайн-платформадаги ўз аккаунтида ёки оммавий ҳамжамиятда ўн мингдан ортиқ обуначига эга бўлган блогер. Бу орқали амалдаги "Ахборотлаштириш тўғрисида"ги қонунда келтирилган блогер таснифи чиқариб ташланмоқда.
Шу атама орқали унинг қамрови торайган: амалдаги қонунга кўра ижтимоий тармоқда ўз саҳифасига эга ҳар қандай шахс блогер ҳисобланади. Янги тартиб билан энди фақат камида 10 минг обуначиси бор аккаунтларгина инфлюенсер бўлади. Бунинг ичига блогерлар, вайнерлар, сайт ва телеграм каналлар админлари кириб кетади.
Шунингдек, Президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги онлайн-платформа ва веб-сайтлар фойдаланувчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ваколатли давлат органи ҳисобланади.
Қонун лойиҳасининг асосий мазмуни фойдаланувчилар сони ва шахсини аниқлашга қаратилган. Бунинг учун онлайн-платформа эгаси барча техник созланмаларни ишга солиши керак.
Онлайн-платформа эгалари шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш мақсадида фойдаланувчиларини рўйхатдан ўтказиш якунланишидан олдин онлайн-платформанинг махфийлик сиёсати билан таништиради. Шахсга доир маълумотларнинг яхлитлиги, сақланиши ва махфийлигига риоя қилинишини таъминлайди, фойдаланувчи ёки унинг қонуний вакилининг розилигисиз шахсга доир маълумотларнинг тарқалишига йўл қўймайди. Онлайн-платформа фойдаланувчисининг шахсга доир маълумотларининг махфийлиги бузилган тақдирда, уни дарҳол хабардор қилади.
Ноқонуний контент
Ўзбекистон ҳудудида онлайн-платформа ва веб-сайтларда ноқонуний контентни тарқатиш тақиқланади. Қуйидагилар ноқонуний контент ҳисобланади:
1) амалдаги конституциявий тузумни, Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий яхлитлигини зўравонлик билан ўзгартиришга чақириқларни ўз ичига олган маълумотлар;
2) оммавий тартибсизликларга, фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга, шунингдек мазкур ноқонуний ҳаракатларни мувофиқлаштиришга қаратилган маълумотлар;
3) жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборот;
4) уруш, зўравонлик ва терроризм, шунингдек экстремизм, сепаратизм ғоялари, экстремистик ва террористик ташкилотларнинг атрибутлари ва рамзлари;
5) давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ошкор этувчи маълумотлар;
6) миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни қўзғатувчи маълумотлар;
7) жамиятга, давлатга, шу жумладан давлат рамзларига ҳурматсизликни кўрсатувчи номақбул шаклда ифодаланган маълумотлар;
8) гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни ташвиқот қилувчи маълумотлар;
9) порнографик маҳсулот, шафқатсизликни тарғиб қилувчи, шунингдек ўз жонига қасд қилишга даъват этувчи маълумотлар;
10) фуқароларни, шу жумладан вояга етмаганларни, уларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига ёки бошқа шахсларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига таҳдид соладиган қонунга хилоф ҳаракатларни содир этишга ундашга ёки бошқача тарзда жалб қилишга қаратилган маълумотлар;
11) фишинг ва спам ресусрларга ҳаволаларни ўз ичига олган маълумотлар;
12) жиноий, маъмурий ёки қонунда белгиланган бошқа жавобгарликка сабаб бўладиган бошқа ҳаракатларни қилишга даъват этувчи маълумотлар.
АОКА ноқонуний контент аниқлангандан кейин 24 соат ичида ноқонуний контентни ўчириш, тарқатишни тўхтатиш тўғрисида хулосага асосан кўрсатма юборади. Кўрсатмада веб-сайт, онлайн-платформа аккаунти ёки оммавий ҳамжамиятнинг номланиши, ноқонуний контентга ҳавола ва у жойланган вақт, ноқонуний контентни тарқатганлик учун қонунчиликда ўрнатилган жавобгарлик тўғрисида маълумот кўрсатилади, шунингдек, ноқонуний контентнинг экрандаги сурати нусхаси илова қилинади.
Кўрсатмада кўрсатилган ноқонуний контент кўрсатма қабул қилинганидан кейин 12 соатдан кечиктирмай ўчирилиши шарт.
Агар аноним канал ё сайт бўлса, АОКА Ўзбекистон ҳудудида ушбу веб-сайтга киришни чеклаш чораларини кўради. Яъни аноним канал эгаси топилмаса, ўша платформа (шартли Телеграм дейлик) раҳбарияти ё унинг вакилига тақдимнома юборилади.
Агар Телеграм раҳбарияти ноқонуний контентни ўчиришдан бош тортса, АОКА унинг Ўзбекистон ҳудудидаги фаолиятини 6 ойгача тўхтатиш тўғрисидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Агар Телеграм вакили суд қарорларини мунтазам равишда ижро этмаса, АОКА онлайн-платформадан Ўзбекистон ҳудудида фойдаланиш тезлигини пасайтириш тўғрисидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилишга ҳақли. Даъво ариза қаноатлантирилган тақдирда онлайн-платформанинг идентификация маълумотлари АОКА томонидан шакллантириладиган Ўзбекистон ҳудудида фойдаланиш тезлиги пасайтирилган онлайн-платформалар ва кириш чекланган веб-сайтлар реестрига мажбурий киритилади.
Онлайн-платформадан Ўзбекистон ҳудудида фойдаланиш тезлигини пасайтириш учун ташкилий ва дастурий-техник чора-тадбирлар мажмуи реестрга киритилгандан кейин Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан 24 соат ичида кўрилади.
Телеграм маъмурияти агар бундан норози бўлса, улар ҳам АОКА устидан судга мурожаат қилиши мумкин.
Яна бир қизиқ жиҳат: инфлюенсерлар ўзининг аккаунти, оммавий ҳамжамияти ёки веб-сайти орқали реклама ёки даромад келтирувчи бошқа фаолиятни амалга оширишда Солиқ кодексига мувофиқ солиқларни ўз вақтида тўлаши керак.
Яъни энди долларда ё нақд пулда реклама пули олаётган вайнерлар, солиқ тўламаётган айрим блогерлар ҳам солиқ тўлашга мажбур бўлади.
Қонун лойиҳаси муҳокамаси 27 майгача давом этади. У қабул қилиниши, ўзгариши ёки бекор бўлиши мумкин.