АОКА матбуот котиблари фаолиятини баҳолади
Инвестиция вазирлиги, Гидрометеорология хизмати агентлиги, Тошкент шаҳар ва Андижон вилояти ҳокимликлари паст натижа қайд этган.

АОКА ташкилотлар матбуот котиблари фаолияти самарадорлигини баҳолади.
Баҳолаш натижаларига кўра,
- марказий ташкилотлар йўналишида Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Марказий банк, Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Марказий сайлов комиссияси, Олий суд;
- вазирликлар йўналишида Олий таълим, фан ва инновациялар, Мактабгача ва мактаб таълими, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, Рақамли технологиялар, Соғлиқни сақлаш, Тоғ-кон саноати ва геология, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар, Энергетика вазирликлари;
- қўмиталар йўналишида Солиқ, Божхона, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги, Миллий статистика, Миллий олимпия қўмитаси;
- агентликлар йўналишида “Ўзархив”, Ёшлар ишлари, Коррупцияга қарши курашиш, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари, Кадастр, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентликлари;
- инспекциялар йўналишида Транспорт назорати инспекцияси;
- акциядорлик жамиятлари ва компаниялар йўналишида “Ўзсувтаъминот” АЖ, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ, “Ўзбекнефтегаз” АЖ, Навоий кон-металлургия комбинати, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, “Ўзбектелеком” АК, “Uzbekistan Airways” АЖ, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ, “Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси” АЖ;
- уюшмалар йўналишида “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси;
- маҳаллий давлат ҳокимияти органлари йўналишида Самарқанд, Тошкент, Бухоро, Навоий, Хоразм, Жиззах, Сурхондарё вилояти ҳокимликлари юқори натижа кўрсатишган.
Бироқ, ўрганишлар қатор йўналишда камчиликлар борлиги кўрсатди. Масалан, кадрлар қўнимсизлиги туфайли Адлия вазирлиги фаолиятида пасайиш кузатилган. Ваҳоланки рейтингда сўнгги 5 йил ичида доимий равишда юқори натижа қайд этиб келаётган ягона ташкилот бу ушбу вазирлик эди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот тадбирлари ташкил этиш, онлайн эфирга узатиш, матбуот тадбирларида раҳбарларнинг иштироки масалаларда сусткашликка йўл қўйган.
Матбуот тадбирларида раҳбарият иштирокини таъминлашда республика ҳаётида муҳим ўринга эга бир қанча вазирликлар ҳам оқсаётганини кузатиш мумкин. Таҳлилларга кўра, 25 фоиз тадбирларда биринчи раҳбар, яъни вазир, қўмита раиси, агентлик директори иштирок этмоқда, 50 фоизи эса раҳбарият иштирокисиз, бошқарма ва бўлим бошлиқлари иштирокида ўтган.
Шунингдек, баҳолаш натижалари таҳлилига кўра, аксарият ахборот хизмати раҳбарлари видео форматида расмий баёнот бериш бўйича паст кўрсаткич қайд этган. Хусусан, қуйидаги матбуот котиблари ОАВ ёки ўз ресурслари орқали видео форматда баёнот бермаган - Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси, Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази, “Асакабанк” АЖ, “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ. Аслида матбуот котибининг кенг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва журналистларга ташкилот юзи сифатида танилиши муҳим аҳамиятга эга.
Таҳлиллар айрим ахборот хизмати раҳбари томонидан ҳалигача ижтимоий тармоқларда онлайн эфирларни ташкил қилиш масаласида оқсаётганини кўрсатмоқда. Аслида бугунги кунда “Facebook”, “Instagram” каби ижтимоий тармоқларда жонли эфирга чиқиш учун ҳеч қандай қўшимча ускуна ёки ишчи кучи талаб этилмаслиги оддий ҳақиқат.
Шу билан бирга, баҳолашдаги соҳага доир муаммоларни биринчи манба сифатида олиб чиқиш (ўзини ўзи танқид қила олиш) йўналиши деярли барча ташкилотлар томонидан тўлиқ бажарилмаган. Бироқ, бугун барча тизимларда муаммо ва камчиликлар оз эмаслиги яхши маълум. Шундай экан тизимдаги муаммоларни биринчи бўлиб олиб чиқиш ва ҳал қилиш ахборот хизмати учун муҳим вазифа бўлиб қолаверади.
Баҳолаш мезонида алоҳида эътибор қаратилган йўналишлардан яна бири – ОАВ ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган танқидий материалларга ахборот хизматининг расмий муносабатини билдириш ҳолатидир. Республика бўйича умумий ҳисобда танқидга жавоб бериш кўрсаткичи сезиларли даражада ўсган.
Афсуски, 2024 йил якунларига кўра, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси, Гидрометеорология хизмати агентлиги, Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази, “Туронбанк” АТБ, “Ўзэнергосотиш” АЖ, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси, “Эл-юрт умиди” жамғармаси, Тошкент шаҳар ва Андижон вилояти ҳокимлиги мавжуд имкониятлар бўлишига қарамасдан энг паст натижаларни қайд этишди.
Бундан ташқари республикамиздаги мавжуд 208 та шаҳар-туман ҳокимликларидан 189 тасининг ахборот хизмати раҳбарлари фаолияти ҳам баҳоланиб, унга кўра:
- 25 нафар матбуот котиби (13,2%)нинг иш натижалари юқори, 104 нафари (55,0%)ники ўрта даражада баҳоланган бўлса, 55 нафари (29,1%)ники қониқарли, 5 нафари (2,7%)нинг фаолияти паст даражада деб топилди.
- Хонобод, Ғозғон, Марғилон, Қувасой, Оҳангарон, Олмалиқ шаҳри ва Жалақудуқ, Избоскан, Қўрғонтепа, Марҳамат, Шароф Рашидов, Зафаробод, Хатирчи, Тойлоқ, Фурқат, Қува, Фарғона, Тошлоқ, Оҳангарон туман ҳокимликларида ахборот хизмати вакант ёки тайинланганига 6 ойдан камроқ вақт бўлгани сабабли баҳоланмади.