Дунё харитасида янги давлат пайдо бўлади
Янги Каледония 1853 йилдан бери Франция ҳудуди ҳисобланади. Дастлаб маҳбуслар учун сургун жойи сифатида фойдаланилган Янги Каледонияда никелнинг бой захиралари аниқланганди.

Францияда янги давлат — Янги Каледонияни яратиш бўйича келишувга эришилди. Бу ҳақда Politico нашри хабар берди.
Янги Каледония келажагини белгиловчи сиёсий ҳаракатлар Франциянинг чет эл ҳудудига кенг автономия берадиган келишувни эълон қилди.
Шартнома Янги Каледония учун алоҳида фуқароликни яратиш ва халқаро муносабатлар соҳасидаги ваколатларни янги давлатга ўтказишни назарда тутади. Бироқ қайд этилишича, мамлакат Париждан бутунлай мустақил бўлмайди.
Ҳужжат кучга кириши учун Франция парламенти томонидан овозга қўйилиши ва ороллар аҳолисининг ўзлари томонидан референдумда маъқулланиши керак.
Тинч океанидаги архипелаг бўлган Янги Каледония 1853 йилдан бери Франция ҳудуди ҳисобланади. Дастлаб маҳбуслар учун сургун жойи сифатида фойдаланилган Янги Каледония никелнинг бой захиралари туфайли аста-секин ривожлана бошлади. Маҳаллий аҳоли - канаклар узоқ вақтдан бери ўз ҳуқуқларини тан олиш ва мухториятни кенгайтириш учун курашиб келган.
Янги Каледония учун мустақиллик масаласи кўп марта кўтарилган. 2018, 2020 ва 2021 йилларда оролларда референдумлар ўтказилди, унда аҳолининг аксарияти Франциядан тўлиқ мустақилликка қарши овоз берди.