Андижонда Пенсия жамғармаси мансабдори катта маблағни талон-торож қилди
У ўттиздан ошиқ фуқаро номига пенсия ёзиб, ўзлаштириб юборган.

2025 йил 17 июн куни жиноят ишлари бўйича Шаҳрихон туман судида Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси мансабдорига оид иш кўриб чиқилди. Суд иши Platina.uz ихтиёрида мавжуд.
Ш.А. 2022 йил 1 апрелдан 2023 йил 5 апрелга қадар Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Бўстон туман бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келгани ҳолда, бошқа шахслар билан ўзаро олдиндан тил бириктирган.
У 32 та ҳолатда 32 нафар фуқароларга жами 259.606.113 сўмлик давлат пенсия маблағларини ёзиб, ғаразгўйлик манфаатларини кўзлаб, расмий ҳужжатларга била туриб сохта маълумотлар ва ёзувлар киритиб, ҳужжатларни қалбакилаштириб, растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.
Айбланувчи ўз айбига иқрор бўлган. Жумладан, у судда 2021-2024 йиллар давомида тайинланган ва тўлови амалга оширилган пенсия ишларини мониторинги ўтказилгани, мониторинг давомида Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Бўстон туман бўлими ходимлари томонидан ўтган давр давомида 340.000.000 сўмдан зиёдроқ миқдоридаги маблағлар фуқароларга ортиқча тўлаб юборилганлиги аниқлангани, пенсия ишлари бўйича 34 та ҳолатда 34 нафар фуқароларга ортиқча тўлов амалга ошириб юборилгани, иш фаолияти давомида хато-камчиликларга йўл қўйгани, ташкилотда ўтказилган текширишга эътирози йўқлиги, жиноят оқибатида етказилган моддий зарарни тўлиқ қоплагани бўйича кўрсатув берди.
Якуний ҳукмга кўра, Ш.А.га иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Иш бўйича етказилган зарар тўлиқ қопланган.
Суд иши Олий суд порталидан олинди.
Навоийда "Ташаббусли бюджет" доирасида таълимга ажратилган пуллар ўзлаштириб юборилганди.