Раъно Шодиева ШҲТ кинофестивалида мукофотланди
"Баҳорни қувиб" филми "Энг яхши актриса" номинациясида ғолиб чиқди.

Актриса Раъно Шодиева ШҲТга аъзо давлатлар кинофестивалида тақдирланди.
Хитойнинг Чунцин шаҳрида ШҲТга аъзо давлатлар кинофестивали бўлиб ўтди.
Мазкур фестивалда ўзбек режиссёри Аюб Шаҳобиддиновнинг "Баҳорни қувиб" филми "Энг яхши актриса" номинациясида ғолиб деб топилди. Фильмда бош ролни таниқли актриса Раъно Шодиева ижро этган.
Шунингдек, кинофестивал доирасида ШҲТга аъзо давлатларнинг кино соҳасидаги ҳамкорлиги масалаларига бағишланган махсус форум ҳам ташкил этилди.
Унда ташкилотга аъзо мамлакатлар кино соҳаси раҳбарлари ва мутахассислари иштирок этди. Кино соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, биргаликда янги ко-продукция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва бу ҳамкорликни тизимли равишда ташкил этиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, анжуман иштирокчиларига Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигида илк бор суратга олиниши режалаштирилаётган "Мени кутгин" номли янги халқаро кинолойиҳа ҳақида ҳам маълумот тақдим этилди.
Тадбир якунида Ўзбекистон томони қўшма кинолойиҳаларни яратиш ва келгусида ШҲТ маконида кенг қамровли ҳамкорликни амалга оширишга тайёрлигини таъкидлади.