platina.uz
Жамият

"Автомобил эҳтиёт қисмлари" бозоридаги жиноий гуруҳ қўлга олинди

Улар мижознинг автотранспорт воситасига унинг рухсатисиз ва олдиндан келишмаган ҳолда турли жиҳозлар ўрнатиб, катта пул талаб қилишган. 

"Автомобил эҳтиёт қисмлари" бозоридаги жиноий гуруҳ қўлга олинди

Учтепа туманида жойлашган “Автомобил эҳтиёт қисмлари” бозоридаги жиноий гуруҳ аъзолари ушланди.

Тошкент шаҳридаги криминоген вазиятни соғломлаштириш ҳамда жиноятчиликка барҳам бериш йўналишида Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан тезкор-қидирув тадбирлари олиб борилган.

Тадбир доирасида Учтепа туманининг Фарҳод кўчасида жойлашган “Автомобил эҳтиёт қисмлари” бозорида 12 нафар шахсдан ташкил топган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.

Жумладан, жиноий гуруҳ аъзолари мижознинг автотранспорт воситасига унинг рухсатисиз ва олдиндан келишмаган ҳолда турли жиҳозлар ўрнатиб, техник хизмат кўрсатишган.

Шундан сўнг, ушбу хизмат бозор нархида 600 АҚШ доллари бўлишига қарамасдан, фуқародан 13300 АҚШ долларини товламачилик йўли билан ундиришган.

Энг аянчлиси, эътироз билдириб, ўз ҳаққини талаб қилган мижозга зўравонлар қўрқитиш йўли билан таҳдид қилишади.

Яна шунга ўхшаш ҳолатда эса жиноий гуруҳ аъзолари бошқа бир фуқаронинг автомашинасига унинг розилигисиз турли эҳтиёт қисмларни ўрнатиб, ундан 3 баробар қиммат нархда пул талаб қилишади.

Аниқланишича, улар автомашина калитини фуқародан олиб қўйиб, тазйиқ ўтказиш орқали ундан 15 млн. сўм ундиришган.

Бундан ташқари, қонунбузарлар яна 2 нафар фуқаронинг автомашинасини қўшимча эҳтиёт қисмлар билан жиҳозлаш учун улардан жами 70 млн сўм миқдорида пул олиб, ваъда қилинган ишни бажаришмаган.

Таъкидлаш жоизки, жиноий гуруҳ аъзоларининг кўпчилиги 1988 - 2002 йиллар оралиғида Тошкент шаҳри, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида туғилган бўлиб, уларнинг аксарияти муқаддам судланган шахслар ҳисобланади.

Ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан Жиноят Кодексининг 165 - (товламачилик) ва 168 - (фирибгарлик) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.

Тергов доирасида гуруҳ аъзоларининг бошқа жиноий ҳаракатларига ва улардан жабр кўрган фуқароларнинг шахсига аниқлик киритиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

ДХХ аввалроқ Беруний тумани ҳокими ўринбосарини қўлга олганди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid