Тошкентда Knauf Insulation заводи ишга тушди
Очилиш маросимида бош вазир ва халқаро бизнес вакиллари иштирок этди.

Тошкент шаҳрида базалтга асосланган минерал толали иссиқлик изоляциясини ишлаб чиқарувчи Knauf Insulation заводининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда бош вазир Абдулла Арипов ва халқаро бизнес вакиллари иштирок этдилар.
Knauf Insulation’нинг янги ишлаб чиқариш мажмуаси ҳар йили 40 мингтагача хонадонга замонавий иссиқлик изоляциясини тақдим этишга қодир бўлиб, бу Ўзбекистон учун муҳим иқтисодий, ижтимоий ва экологик фойда келтиради.
Умумий майдони 33 100 м² бўлган ишлаб чиқариш мажмуаси 110 дан ортиқ иш ўрни яратади. У замонавий европалик паст чиқинди технологияси асосида жиҳозланган. Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 30 000 тоннани ташкил этади, бу эса йилига 40 000 та уйни иссиқлик изоляцияси билан таъминлайдиган ёнмайдиган базалт минерал толасини ишлаб чиқариш имконини беради.
Бугунги кунда Ўзбекистон умумий энергия истеъмолининг 40 фоизи ва иссиқхона газлари чиқиндиларининг 20 фоизидан ортиғи айнан уй-жой секторига тўғри келмоқда. Бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлигини ошириш эса миллиардлаб АҚШ долларини тежаш, мамлакатнинг Париж келишувига мувофиқ 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари чиқиндиларини 2010 йил даражасига нисбатан 35 фоизга қисқартириш мақсадига эришишга хизмат қилади.