Ўзбекистон ва Қирғизистон "Чашма" булоғидан фойдаланиш бўйича келишиб олди
Бош вазир Абдулла Арипов Қирғизистон давлат миллий хавфсизлик қўмитаси раиси билан учрашди.

Ўзбекистон ҳукумати ва Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўртасида “Чашма” булоғидан биргаликда фойдаланиш тўғрисидаги битим лойиҳасининг асосий шартлари тасдиқланди.
24 апрел куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари – Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Тошиев раислигида ўзбек-қирғиз Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича икки ҳукумат делегацияларининг навбатдаги қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.
Шунингдек, унда Ўзбекистон-Қирғизистон Давлат чегараси лойиҳа чизиғининг чегаранинг охирги тартибга солинмаган участкасидан ўтиши тўғрисидаги Баённома ҳам тасдиқланди.
Томонлар “Чашма” булоғи Ўзбекистон ва Қирғиз Республикаси халқларининг умумий бойлиги экани алоҳида таъкидланиб, Ўзбекистон фуқароларининг ушбу булоқдан эркин ва тўсиқсиз фойдаланиши, ўзбек томони булоқнинг учдан икки қисмидан фойдаланишини таъминлаш ҳамда манбанинг сув ресурслари ҳажми ва сифатига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатларни ўзбек томони билан мувофиқлаштириш тўғрисида келишувларга эришилди.
Шунингдек, томонлар дўстлик ва яхши қўшничилик руҳида икки мамлакат фуқароларининг “Чашма” булоғидан тўлақонли фойдаланишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай чора-тадбирларга йўл қўймасликка келишиб олди.
Томонлар Ўзбекистон қисқа муддат ичида Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўртасида “Чашма” булоғидан биргаликда фойдаланиш тўғрисида битим ҳамда икки давлат чегараси участкаси тўғрисида шартномани мувофиқлаштириш ва имзолашга келишиб олди.
Музокаралар давомида ўзбек-қирғиз Давлат чегараси орқали айрим ўтказиш пунктларнинг ҳолати ва иш тартиби бўйича умумий позициялар ҳам келишиб олинди. Ўзбек-қирғиз Давлат чегараси орқали фуқароларнинг қатнови ва юк ташишларини сезиларли даражада енгиллаштиришга ёрдам бераётган ўтказиш пунктлари бўйича умумий ёндашувни ишлаб чиқиш юзасидан ўтказилаётган икки томонлама музокараларга юқори баҳо берилди.
Икки мамлакат фуқаролари учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида 2004 йилдаги Ўзбекистон-Қирғизистон Давлат чегарасидаги ўтказиш пунктлари тўғрисидаги битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги баённомани имкон қадар тезроқ имзолаш муҳимлиги қайд этилди.
Томонлар тез орада икки мамлакат ваколатли органлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳларининг учрашувини ўтказишга келишиб олди.
Қабул қилинган қарорлар икки қардош давлатлар раҳбарларининг Ўзбекистон ва Қирғизистон Республикаси ўртасидаги Давлат чегарасини дўстлик, яхши қўшничилик, тинчлик ва ҳамжиҳатлик чегарасига айлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларига тўла мос келади.
Музокаралар якуни бўйича тегишли Баённома имзоланди.
Учрашув амалий ва дўстона руҳда ўтгани қайд этилган.