Чегарада бузилган деворлар ва чекинаётган 13 йил аввалги “хўрозланиш”
Қирғизистонга пунктлар бўйлаб ўтиш йўли Ўзбекистон томонидан 2010 йилда бир томонлама ёпилган эди. Бунга жавобан Қирғизистон томони ҳам учта назорат-ўтиш пунктини беркитди.
Азалдан ҳудудларни белгилаш учун чизиқ тортилади ёки девор қурилади. Кўпинча эса душманлардан ҳимояланиш учун девор қурилади. Буюк Хитой девори бунга мисол. Бу деворлар қурилиши халқлар ўртасидаги муносабатлар ёмонлашганидан, бошқа халқларни “жини суймаслигидан” дарак беради. НАТОга аъзо бўлган Финландия ва агрессор Россия ўртасида девор қурилаётгани, АҚШ ва Мексика ўртасидаги ноқонуний мигрантларга қарши қурилаётган девор ҳам фикримиз исботидир.
Давлатлар ва халқларни ажратиб турган деворларнинг қулаши эса сиёсий иқлим илиқлашгани, чегаранинг икки тарафидаги халқлар яқинлашгани ва бирлаша бошлаганидан дарак беради.
34 йил аввалги оламшумул воқеа
Бундан 34 йил аввал Европада шунга ўхшаган оламшумул воқеа юз бердики, тарих зарварақларидан ҳақли равишда ўрин олди: 1989 йил 9 ноябрь куни Берлин бевори бузиб ташланди.
Қарийб 28 йил икки халқни ажратиб турган сунъий тўсиқ қулади.
Иккинчи жаҳон урушидан кейин ғолиб давлатлар (уларнинг рўйхати ҳозирда БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари рўйхатига айнан мос келади) тажовузкор Германия тақдирини ҳал қилишди. Германия давлатининг ҳудуди иккига бўлиниб, ярми АҚШ бошчилигидаги Ғарб коалицияси мандатида (бу ҳудудда кейинчалик пойтахти Бонн бўлган ГФР ташкил топди), ярми эса СССР бошчилигидаги Шарқий Европа давлатлари ихтиёрига ўтди ва русларга тобе қўғирчоқ ҳукумат бошқарадиган ГДР ташкил этилди.
Пойтахт Берлин шаҳри эса иккига бўлинди. Дастлаб ўртада тиканли симлар ва икки давлат қўшинлари соқчилик қиладиган демаркация чизиғи тортилди.
Ғарбий Германия капиталистик ва демократик йўлдан кетди. Иқтисодиёти гуллаб-яшнади. Халқ эркин ва озод яшади. Шарқий Германияда эса коммунистик тузумларга хос бўлган қуллик, қўрқув ва камбағаллик устун бўлган совет диктатураси ўрнатилди. Давлат-қамоқхона ташкил этилди.
Албатта, Шарқий Германияда қолган немис халқининг бунга кўникиши қийин бўлди. Камбағаллик ва тутқунликка кўника олмаган немислар озод дунё томонга қочиб ўтишга ҳаракат қилишарди. Тиканли симларни ёриб ўтиб қочиб ўтишга уринишлар кўп эди. Бундан безор бўлган коммунистлар 1961 йил 13 августда ўртадан баланд девор тортишди.
Тутқунлик ва камбағалликка кўникса бўлар-у, лекин қариндош-уруғлардан айро қолишга ўрганиш қийин бўлди. Айримларнинг қариндошлари, ҳатто болалари тиканли симларнинг нариги тарафида қолиб кетганди. Чегарадан ўтиш эса жуда азоб, ҳатто имконсиз эди. Коммунистик Германияда қолиб кетган немислар ҳатто фарзандлари туғилса, бошқа қариндошлари уни кўришга кела олишмасди. Ҳатто янги туғилган чақалоқларни чегара узра баланд кўтариб кўрсатишарди.
Аммо бу билан озодликка интилганлар оқими тўхтамади. Девордан ошиб ёки тагидан лаҳм кавлаб қочишга уринишлар сон-саноқсиз бўлган. Қўлга тушганлар эса, табиийки, совет аскарлари томонидан отиб ўлдирилган. ГДР томонининг маълум қилишича, жами 125 киши отиб ташланган. Бошқа манбаларда 28 йил давомида 1245 киши ўлдирилгани айтилади.
Аммо қочишлар тўхтамаган. Ҳатто ГДР аскарлари ҳам қочиб ўтишган.
Халқ бу деворга “Шармандлик девори” деб ном берди.
Аммо инсонга хос ҳеч нарса абадий эмас. Ғарбни “чириб кетган, ҳадемай қулайди”, деб фол очган коммунистлар давлатининг ўзи чириб, омонат бўлиб қолди. Ҳатто 70 йилга ҳам бормади. Афғонистонга қилган 10 йиллик тажовузи совет давлатининг тобутига охирги михни қоқди.
Советлар давлатининг умр шами ёниб битиб, сўнгги марта тутаётган пайтда СССРнинг биринчи ва охирги президенти Михаил Горбачёв катта ислоҳотлар, жумладан, қайта қуришни бошлади. Советларнинг Шарқий Европадаги қўшинлари чақириб олинди. Шарқи Европани қўрқув остида ушлаб турган, Венгрия ва Польшадаги бир неча озодлик йўлидаги халқ исёнларини бостирган “Варшава шартномаси” ҳарбий блоки тарқатилди. Европа коммунистлар таҳдидидан озод бўлди. Энг муҳими, ГДР ва ГФР давлатлари яна бирлашиб, ўртадаги Берлин девори – “шармандалик девори” бузиб ташланди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон: 13 йил аввалги “хўрозланиш”га чек қўйилди
Бугун ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасидаги девор бузилаётгани акс этган видеони кўриб, беихтиёр ана шу Берлин деворининг бузилиши хаёлга келди. Берлин деворининг қулаши янги давр ва ўзгаришлар шамолидан қулаган эди. Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги девор эса ўтган даврдаги калтабин сиёсат, қўшнилар билан такаббурликка ва ўзбек журналисти Комилжон Шамсиддиновнинг таъбири билан айтганда, “хўрозланиш”га асосланган муносабат исботи сифатида ўрнатилгани ҳам бор гап. Алал-оқибат Қирғизистонга пунктлар бўйлаб ўтиш йўли Ўзбекистон томонидан 2010 йилда бир томонлама ёпилган эди. Бунга жавобан Қирғизистон томони ҳам учта назорат-ўтиш пунктини беркитди.
Яратганга шукрки, замон ўзгарди. Ўзбекистонда демократик жамият ривожланмоқда. Халқаро муносабатларда, айниқса қўшнилар билан алақаларда ижобий ўзгаришлар бўй кўрсата бошлади.
Ўзбекистон президентининг шу йил бошида – 26-27 январ кунлари Қирғизистонга уюштирган давлат сафари ҳам бу жиҳатдан жуда самарали бўлди, дейиш мумкин.
Давлат сафари давомида икки мамалакат раҳбарлари тор ва кенгайтирилган шаклларда ўзбек-қирғиз стратегик шерикликнинг бир қатор масалалари, шунингдек, дўстлик, биродарлик ва яхши қўшничилик руҳидаги муносабатларни янада ривожлантириш бўйича режалар муҳокама қилишган эди.
Натижалар ўзини узоқ куттирмади. 13 йил аввал яхши қўшничиликка соя солган аҳмоқлик ва қўполлик билан бузиб ташланган алоқалар қайта тикланмоқда. Натижада Ўзбекистон ва унга қўшни давлатлар ўртасида, хусусан, Қирғизистон ўртасида борди-келдилар кўпайди. Импорт-экспорт ҳажми ошмоқда. Қирғизистон бозорларини ўзбек товарлари эгаллаб, ҳатто таннархи арзонлиги ва сифатли экани боис, Хитой товарларини ҳам сиқиб чиқармоқда.
Икки давлат ўртасидаги борди-келди ва тижорат қатновларининг кўпайиши чегарада мавжуд назорат-ўтиш пунктлари ишини қийинлаштириб юборди. Ўтиш йўлини кенгайтириш эҳтиёжи туғилди. Натижада ҳукуматлар ўртасидаги келишувларга мувофиқ, аввал ёпилган 3 та ўтиш пунктини қайта очишга келишиб олинди.
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизматининг маълум қилишича, яқинда ўзбек-қирғиз чегарасида учта назорат-ўтказиш пункти - Бекобод (Жалолобод вилояти), Қора-Сув ва Қора-Бағиш (Ўш вилояти) очилади.
“Қирғизистон томони фуқароларнинг ушбу пунктлардан ўтишини тиклашга тўлиқ тайёр, биз Ўзбекистон томонини кутмоқдамиз. Ўтиш жойларини очиш бўйича келишув ҳукумат даражасида бўлган”, — деган Қирғизистон чегара хизмати.
Бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар...
Бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар, дейдилар. Аввал руслар истилоси туфайли 5 га бўлиб ташланган Туркистон бугун яна бирлашишга юз тутмоқда. Албатта, ҳали Европа Иттифоқида бўлгани каби чегарасиз ва мустаҳкам ишонч устун муносабатлар босқичига ўта олганимиз йўқ. Аммо мавжуд вазият ҳам дилни хушнуд қилади. Ўзаро ишонч қозонган яқин қўшнилар орасида яна бир дарча очилди.
Энг муҳими – ўзаро ишонч. Европа Итифоқидаги бирлашув ҳам айни шу муҳим омилдан – ишончдан бошланган эди.
Абулфайз Сайидасқаров шарҳлади.