Қирғиз депутати Ўзбекистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтишда айбланмоқда
Унинг қаердалиги ҳозирча номаълум.
Қирғизистонлик депутат Эмил Жамғирчиев (“Aлянс”) қирғиз-ўзбек чегарасини ноқонуний кесиб ўтганликда айбланмоқда, дейди депутат Aлишер Эрбаев (“Бутун Қирғизистон”) 10 январ куни журналистларга.
Жамғирчиевни жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги Бош прокуратура сўровини кўриб чиқиш учун тузилган депутатлик комиссиясига айнан Эрбоев бошчилик қилмоқда.
"Комиссия бир неча очиқ йиғилиш ўтказди. Кечаги йиғилишнинг иккинчи қисми тергов талабига кўра ёпиқ эшиклар ортида ўтди. Терговчилар чегарани ноқонуний кесиб ўтишни исботловчи далилларни тақдим этишди. Биз уларга ишондик, чунки Ўзбекистон томони ҳам Жамғирчиевга нисбатан жиноий иш қўзғатди”, — деди Эрбаев.
Aйбловлар унча оғир бўлмаган жиноятларга тегишли бўлиб, 1 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки 50-100 минг қирғиз соми миқдорида жарима билан жазоланади, деди депутат Эрбаев.
9 январ куни кечқурун депутат Жамғирчиев Қирғизистон парламентидан ғойиб бўлди. Унинг қаердалиги ҳозирча номаълум.
Эмил Жамғирчиев Қирғизистоннинг "Алянс" партиясидан Жогорку Кенеш (ЖК) депутати. ЖК Қонунчилик ва ҳуқуқ-тартибот, жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси аъзоси. Илгари у Қирғизистон Республикаси Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш давлат хизмати раисининг ўринбосари лавозимида ишлаган.