Давлат хизматида кадрлар тайёрлашнинг яхлит тизими жорий этилади
Давлат хизматчиларининг хорижий ва ички хизмат сафарларини ташкил этиш, ҳисобини юритиш ва таҳлилини олиб бориш ягона модул орқали амалга оширилади.

Давлат хизматида кадрлар тайёрлашнинг яхлит тизими жорий этилади.
Президентнинг "Давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш ҳамда профессионал ва натижадорликка йўналтирилган давлат хизматчилари корпусини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида" фармони эълон қилинди.
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси ҳамда "Эл-юрт умиди" жамғармасининг доимий ҳамкорлиги асосида давлат хизматида кадрлар тайёрлашнинг яхлит тизими жорий этилади. Бунда:
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги:
- очиқ ва адолатли танловлар асосида давлат хизматига энг муносиб кадрларни жалб қилади, шунингдек, уларнинг горизонтал ва вертикал карьеравий ўсишига кўмаклашади;
- давлат хизматчиларининг салоҳияти ва касбий компетенцияларини диагностикадан ўтказади ва натижаларига кўра ходимнинг портфолиосини шакллантиради ҳамда ривожлантириш талаб қилинадиган билим ва кўникмаларини ошириш чораларини кўради;
- Миллий кадрлар захирасини шакллантиради ҳамда захирадаги номзодларнинг мақсадли тайёрланишини ташкиллаштиради, Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясининг малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларига давлат буюртмасини амалга оширади.
2026 йил 1 январдан бошлаб:
- давлат хизматига биринчи марта қабул қилинган давлат хизматчилари билан меҳнат шартномаси дастлаб бир йил муддатга тузилади ва кейинчалик фаолиятининг ижобий натижаларига кўра меҳнат шартномаси номуайян муддатга узайтирилади;
- давлат хизматига биринчи марта қабул қилинган давлат хизматчилари мажбурий «Давлат хизматига кириш» махсус курсларини ва кейинчалик ҳар уч йилда камида бир маротаба малака ошириш курсларини ўтайди ҳамда мазкур курсларнинг якунлари бўйича уларнинг назарий билим ва кўникмалари диагностикадан ўтказилади;
- диагностикада давлат хизматчиларининг тегишли соҳа ва тармоқ бўйича билим даражаси, ҳужжатларни тузиш ва давлат тилида иш юритиш кўникмалари, таҳлилий, раҳбарлик ва коммуникативлик малакалари, компьютер саводхонлиги, қонунчиликдаги янгиликларни, Ўзбекистон тарихи ва хорижий тилларни ўзлаштирганлиги, умумий эрудицияси, психологик диагнози ва интеллектуаллик коэффициенти (IQ) каби кўрсаткичлари баҳоланади.
Давлат хизмати лавозимларини эгаллаш бўйича танлов ўтказишда 2025 йил 1 августдан бошлаб қуйидагилар белгилансин:
- республика, ҳудудий ва туман (шаҳар) даражасидаги ташкилотлардаги лавозимларнинг бошқарув ва ёрдамчи гуруҳлари учун танловлар фақатгина Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона портали орқали ўтказилади;
-қонунчиликда лавозимга тайинлашда тегишли органлар билан келишилиши лозим бўлган лавозимлар бўйича келишув ушбу органларнинг вакилларини танлов комиссияси таркибига киритиш йўли билан амалга оширилади;
- тест синовлари Давлат хизматчиларини синовдан ўтказиш модули орқали махсус жиҳозланган хоналарда ёки масофавий онлайн прокторинг тизими орқали ўтказилади. Бунда тегишли давлат органида тест синовларини махсус жиҳозланган хоналарда ёки масофавий ўтказиш масаласи Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан мурожаатлар таҳлили, ўрганишлар ва сўровномалар натижаларига кўра ҳал этилади.
2025 йил 1 октябрдан бошлаб давлат хизматчиларининг хорижий ва ички хизмат сафарларини ташкил этиш, ҳисобини юритиш ва таҳлилини олиб бориш "hrm.argos.uz" электрон тизими таркибидаги "Xizmat safari" ягона модули орқали амалга оширилади.
2025 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат хизматчиларининг ўз кўникмаларини доимий ривожлантириб бориши ҳамда улар ўртасида ўзаро мулоқотни кучайтириш бўйича имкониятларни назарда тутувчи "Давлат хизматчиси" мобил иловаси ишга туширилади.