Президент фармони ижроси таъминланмаяпти
Platina.uz мухбири Давлат хизматлари марказлари ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари ҳамон бюрократия қилаётганига гувоҳ бўлди.
Platina.uz мухбири Давлат хизматлари марказлари ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан асоссиз бюрократик тўсиқларга дуч келди. Ҳолбуки, расмий идоралар ва ташкилотларнинг фуқаролар ё тадбиркорлардан кўплаб ҳужжатларни талаб қилиши бекор бўлиб кетганига 4 йил тўляпти.
2021 йил 23 мартда имзоланган "Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-6191-сон фармонида айнан қоғозбозликка барҳам бериш назарда тутилган.
Platina.uz мухбиридан эса машинани расмийлаштиришда никоҳ ва солиқ қарзи бор-йўқлиги ҳақида маълумотномалар сўралди. Аввал ЙҲХБ ходимлари бундай талабни қўйган бўлса, кейинроқ, ушбу маълумотномани олиш учун борган мухбир Давлат хизматлари марказларида ана шундай ноқонуний тўсиққа дуч келди.
Давлат хизматлари марказлари Адлия вазирлиги тизимига киради. Юқоридаги фармоннинг биринчи ижрочиси Адлия вазирлиги. Platina.uz мухбири ДХМ ходимига ушбу ҳужжатларни сўраш, бериш бекор қилинганини эслатгани бесамар кетди. ДХМ ходими маълумотномани олиш муддати 3 кун экани, агар тезкор бўлса, бир суткада ҳам олиши мумкинлигини айтди. Албатта, каррасига қиммат нархда.
ПФ-6191-сонли фармондан иқтибос:
"Белгилансинки, 2021 йил 1 июндан бошлаб давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат ташкилотлари ва муассасалари томонидан аҳолидан, шу жумладан тадбиркорлик субъектларидан:
а) қуйидаги фактларни тасдиқловчи ҳужжатларни:
- руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги;
- наркология бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги;
- судланганлик;
- манзил-маълумот ахбороти;
- фуқаронинг номида шахсий уй-жой мавжуд ёки мавжуд эмаслиги;
- турар жойнинг майдони;
- солиқ қарзи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги;
- солиқ тўловчи жисмоний шахсларнинг давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилганлиги;
- пенсия ва нафақа миқдори;
- пенсия ва нафақа олувчилар рўйхатида мавжуд ёки мавжуд эмаслиги;
- никоҳ қайд этилганлиги, никоҳда турмаслиги ёки никоҳдан ажралганлиги;
б) қуйидаги ҳужжатларни:
- шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси;
- шахснинг белгиланган шаклдаги фотосурати;
- тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларининг маълумотномалари;
- меҳнат дафтарчалари ва уларнинг нусхалари (фуқароларга пенсия тайинлаш жараёнида ушбу ҳужжатни "Ягона миллий меҳнат тизими" идоралараро дастурий-аппарат комплекси орқали олиш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда сўраш бундан мустасно);
- иш ҳақи ва иш стажини, олий ва ўрта махсус таълим муассасасида ўқиганликни тасдиқловчи архив маълумотномалари (фуқароларга пенсия тайинлаш жараёнида ушбу ҳужжатни "Ягона миллий меҳнат тизими" идоралараро дастурий-аппарат комплекси орқали олиш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда сўраш бундан мустасно);
- кадастр ҳужжатлари ва уларнинг нусхаларини талаб қилиш бекор қилинади.
Бунда, давлат органлари ва ташкилотлари жисмоний шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда, ишга қабул қилиш жараёнида ва бошқа маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишда мазкур бандда назарда тутилган ҳужжат ва маълумотларни ушбу фармонда белгиланган масъул давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил равишда, шу жумладан "Электрон ҳукумат" тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олади.
Ушбу бандда кўрсатилган ҳужжат ёки маълумотларнинг давлат органлари ва ташкилотлари томонидан аҳолидан талаб қилиниши давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузиш деб ҳисоблансин".
Бу ҳолат битта ДХМ ё "ГАИ" бошқармасида эмас, тизимли муаммо. Чунки "ГАИ"дагилар ҳалиям Вазирлар Маҳкамаси қарори бўйича ишлаётганини айтишди. Демоқчимизки, битта ДХМ ё "ГАИ" бошқармасидаги ходимларни жазолаш билан муаммо ҳал бўлиб қолмайди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг бюрократиядан қочиб, онлайн хизматларни кўпайтириш бўйича кўплаб топшириқлари амалда бажарилмай қолиб кетаётгани ачинарли ҳол. Умид қиламизки, масъуллар, айниқса, трансформация жараёнида жадал кетаётган Адлия вазирлиги ушбу тизимли муаммони тез ва тўлиқ ҳал қилади.