Букмекерлик хизматларини реклама қилган блогерлар иши судга юборилди
Улар букмекерлик товар белгисидан фойдаланишган, қимор ўйинларини тарғиб қилувчи видеороликларни тармоққа жойлаштиришган.

Букмекерлик хизматларини реклама қилган блогерлар иши судга оширилди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.
Рақобат қўмитаси томонидан ахборот ресурслари ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган рекламаларнинг амалдаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига мослиги юзасидан тизимли ўрганиш ва таҳлил ишлари олиб борилмоқда.
Олиб борилган ўрганишларда ижтимоий тармоқларда бир неча юз минглаб кузатувчиларига эга бўлган блогерлар ўзларига тегишли саҳифаларда букмекерлик хизматларини реклама қилаётган ҳолатлари кузатилган.
Хусусан, “Melbet” букмекерлик товар белгисидан фойдаланган, шунингдек қимор ўйинларини тарғиб қилувчи саҳна кўринишлари орқали жойлаштирилган видео-роликлар қуйидаги шахсларга тегишли эканлиги аниқланди:
- фуқаро Шодиев Жасурбек Ғуломжон ўғли (jasjannew);
- фуқаро Нормаматов Дадабек Бахром ўғли (allme. uz);
- фуқаро Рахматов Шерхон Лутфулло ўғли (sherxon.zdss);
- фуқаро Хасанбоев Хожиакбар Зулхайдар ўғли (hojiakbar_ku).
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан Рақобат қўмитаси томонидан блогерлар белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилиб, тегишли ҳужжатлар судга юборилди.
Эслатиб ўтамиз: Ўзбекистон Республикасининг "Реклама тўғрисида"ги Қонунига кўра, мамлакат ҳудудида қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни реклама қилиш тақиқланади. Бундай фаолиятни реклама қилиш тегишли жавобгарликка сабаб бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Рақобат қўмитаси аввал акция ва чегирмаларни тартибга солувчи қонун лойиҳасини тақдим этганди.