Рақобат қўмитаси букмекерлик бўйича огоҳлантириш билан чиқди
Жаҳон чемпионати бошланиши арафасида интернет тармоғида букмекерлик хизматлари, қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни тарғиб қилувчи реклама материаллари тарқалиши кўпайди.

Рақобат қўмитаси букмекерлик бўйича огоҳлантириш билан чиқди.
2026 йил футбол бўйича жаҳон чемпионати бошланиши арафасида ижтимоий тармоқлар, интернет сайтлари ҳамда Telegram мессенжеридаги гуруҳ ва каналларда букмекерлик хизматлари, қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни тарғиб қилувчи реклама материаллари тарқалиши фаоллашиши кузатилмоқда.
Йирик спорт мусобақаларига бўлган қизиқишнинг ортиши айрим шахслар томонидан фуқароларни турли букмекерлик платформаларига жалб этиш воситаси сифатида қўлланилмоқда.
Бунда спорт натижалари бўйича пул тикиш, қисқа муддатда даромад топиш ёки йирик ютуқларга эришиш ҳақидаги ваъдалар орқали аҳолини таваккалчиликка асосланган ўйинларда иштирок этишга ундовчи реклама ва ахборот материаллари кенг тарқатилмоқда.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси “Реклама тўғрисида”ги Қонунининг 46-моддасига мувофиқ, қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар, шу жумладан телекоммуникация тармоқлари ҳамда Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда ташкил этиладиган қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни реклама қилиш тақиқланади.
Шунингдек, букмекерлик хизматлари ва қимор ўйинларини тарғиб қилиш, уларнинг рекламасини тайёрлаш, жойлаштириш, тарқатиш ёки оммалаштириш билан боғлиқ ҳаракатлар амалдаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.
Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, букмекерлик хизматларини тарғиб қилувчи айрим шахслар ўз фаолиятини аноним тарзда юритиш, сохта аккаунтлар ва тахаллуслардан фойдаланиш ҳамда хорижий электрон платформалар орқали реклама тарқатишга уринмоқда. Бироқ бу каби ҳолатлар қонунчилик талабларидан четда қолмайди ва ваколатли органлар томонидан ўрганиб борилади.
Рақобат қўмитаси томонидан ўз ваколатлари доирасида интернет тармоғи, ижтимоий медиа платформалари ва бошқа ахборот ресурсларида жойлаштирилаётган реклама материалларининг амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқлиги юзасидан тизимли мониторинг ва таҳлил ишлари олиб борилмоқда.
Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича тегишли маълумотлар ваколатли давлат органларига, жумладан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Киберхавфсизлик бўлинмаларига қонунчиликда белгиланган чораларни кўриш учун тақдим этилади.
"Ҳурматли фуқаролар, сизларни букмекерлик хизматлари ва қимор ўйинларини тарғиб қилувчи шубҳали реклама материалларига ишонмасликка, уларни тарқатмасликка ҳамда бундай ҳолатларга дуч келган тақдирда ваколатли органларга маълум қилишга чақирамиз", дейилади хабарда.
