Биологик фаол қўшимчалар бўйича зарарли ва чалғитувчи маълумотларга чек қўйилмоқда
Наманганда “Mahalla” телеканали орқали “Fito-Plyus” ҳамда “Gemorroid” маҳсулотлари рекламаси бўрттирувчи ва чалғитувчи иборалар асосида эфирга узатилганлиги аниқланган.
Рақобат қўмитаси томонидан биологик қўшимчалар бўйича чалғитувчи маълумотларга чек қўйилмоқда.
Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситалари орқали биологик фаол қўшимчалар (БФҚ), озиқ-овқат қўшимчалари ва турли оздирувчи ёки семиртирувчи препаратларнинг реклама материаллари ортиб бормоқда.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Рақобат қўмитаси томонидан оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаги реклама материалларининг қонун хужжатларига мувофиқлигини мунтазам мониторинг қилинмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида жами 2205 та ўрганиш ўтказилган. Шундан, 328 та реклама қонунчилигига номувофиқлик ҳолатлари аниқланиб, тегишли кўрсатмалар натижасида ихтиёрий бартараф этилган.
Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатларини ихтиёрий бартараф этмаган хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан иш қўзғатилган.
Жумладан, Андижон вилоятида фаолият юритувчи “Taraqqiyot TV” телеканали орқали “Qomus qapsulalari” биологик фаол қўшимчаси рекламаси чалғитувчи ва бўрттирувчи иборалар билан берилганлиги кузатилган.
“Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 16, 34 ва 35-моддалари талаблари бузилиши аломатлари юзасидан ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан “Taraqqiyot TV” телерадиокомпаниясига нисбатан иш қўзғатилиб бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилган ва маҳсулотининг рекламаси эфирдан олиб ташланган.
Тошкент шаҳрида “Жить Здорово” газетасида чоп этилган “Neofleks” БФҚ рекламаси текширувдан ўтказилганда қонунбузарлик ҳолатлари аниқланди. Ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан “PAKSTAMPA” МЧЖга нисбатан жарима белгиланди ва масъулларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилди.
Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан “Mahalla” телеканали орқали “Fito-Plyus” ҳамда “Gemorroid” маҳсулотлари рекламаси бўрттирувчи ва чалғитувчи иборалар асосида эфирга узатилганлиги аниқланиб, ҳудудий бошқарманинг тегишли кўрсатмасига асосан “HERBAL MED” МЧЖ томонидан қонун талабларига зид бўлган ҳолатлар бартараф этилган ҳамда “Mahalla” телеканали орқали “Fito-Plyus” ва “Gemorroid” маҳсулотларининг янгиланган реклама ролиги ва аксилреклама* берилган.
Аксилреклама — нотўғри (инсофсиз, била туриб ёлғон) реклама келтириб чиқарган ёки келтириб чиқариши мумкин бўлган оқибатларни тугатиш мақсадида тарқатиладиган раддия (Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 4 моддаси)
Самарқанд ва Сирдарё вилоятлари ҳудудида ҳам турли телеграм каналлари (“Sirdaryo moshina bozor”, “Gulistonliklar Rasmiy”, “Guliston Olx Sirdaryo”, “Samarqandliklar_Samarqand24”, “Samarqand100”, “Nurobod OLX” ) орқали биологик фаол қўшимчаларнинг (“Gemoroydan xalos etuvchi”, “Disaar”, “Stop diabet-No diabet”) қонунга зид рекламалари тарқатилган ҳолатлар аниқланиб, канал админларига тушунтириш ва огоҳлантириш берилди ва реклама материаллари каналлардан олиб ташланди.
Эслатма. Биологик фаол қўшимчалар касалликларни даволовчи восита эмас.
Биологик фаол ва озиқ-овқат қўшимчалари ишлаб чиқарувчилари, мувофиқлигини баҳоловчи ҳамда реклама билан шуғулланувчи ташкилотлардан маҳсулотлар ҳақидаги маълумотларни қонунчилик талабларига тўлиқ мувофиқ ҳолда тақдим этиш, шу билан бирга, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қоидаларига қатъий амал қилиш талаб қилинади.
Бугунги кунда Қўмита томонидан “Реклама тўғрисида”ги қонун талаблари юзасидан ўрганиш ишлари давом этмоқда.