Рақобат қўмитаси чегирма ва акцияларни тартибга солмоқчи
Алкогол, пиво, вино ва тамаки маҳсулотлари бўйича чегирмалар ўтказиш тақиқланади, нархни сунъий ошириб, кейин арзонлаштирилганини чегирма сифатида кўрсатиш эса мумкин бўлмайди.

Рақобат қўмитаси савдода акция ва чегирмаларни тартибга солувчи ташаббусни эълон қилди.
Жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган ҳужжат лойиҳасига кўра, алкогол, пиво, вино ва тамаки маҳсулотлари, шунингдек никотин истеъмоли ускуналари учун чегирма ва акциялар тақиқланади.
Сотувчи аввалги нархни кўрсатган тақдирдагина чегирма деб ҳисобланади. Аввалги нарх — охирги 30 кундаги энг паст нарх бўлиши шарт.
Чегирма нархнинг амал қилиш муддати (бошланиш ва тугаш санаси) аниқ кўрсатилиши, агар чегирма нарх фақатгина муайян шароитларда қўлланилса, бу шароитлар олдиндан маълум қилиниши лозим.
Чегирмада кўрсатилган нарх одатий нарх шрифтидан каттароқ қилиб ёзилиши мумкин эмас. Нархни сунъий ошириб, кейин арзонлаштирилганини чегирма сифатида кўрсатиш тақиқланади.
Акция ва чегирмалар ҳақидаги маълумотлар тадбир бошланишидан 10 кун олдин солиқ органларига тақдим этилиши шарт.
Акция эълон қилишда шартлар, амал қилиш муддати, товар номи ва бошқа муҳим маълумотлар истеъмолчига аниқ ва тушунарли қилиб етказилиши лозим.
Акция бошланганидан кейин шартлар ўзгартирилмаслиги, акцияга тушган товарлар етарли захирада мавжуд бўлиши шарт.
Чегирма аниқ фоиз ёки суммада кўрсатилиши керак. Агар чегирма мавсумий, яроқлилик муддати тугаётган, бут бўлмаган ва қадоқ шикастланган ёки шунга ўхшаш ҳолатларда қўлланса, бу албатта кўрсатилиши керак.
Агар чегирмадан фойдаланиш учун шахсий маълумот тақдим этиш ёки рўйхатдан ўтиш талаб этилса, сотувчи шахсий маълумотлар қонунчилигига риоя қилиши ҳамда маълумотларни қайта ишлаш мақсади ва шартлари ҳақида хабардор қилиши шарт.
Аввалроқ Uzum market Яндекс сабаб Рақобат қўмитасига мурожаат қилганди.