platina.uz

Диёра Келдиёрованинг кимоноси ва қадимий сурат: Тошкентда бемор болалар иштирокида кўргазма ўтказилди

Кўргазмада 100 нафардан ортиқ боланинг 1000 дан ортиқ ижодий ишлари тақдим этилди. 

Жамият
15 декабрь 2024 йил
Диёра Келдиёрованинг кимоноси ва қадимий сурат: Тошкентда бемор болалар иштирокида кўргазма ўтказилди

Тошкент шаҳри ҳокимияти ва Ёшлар ишлари агентлиги томонидан “Тошкент ёшларни севади” ойлиги доирасида ўтказилган кўргазмада бемор болалар меҳмон бўлишди.

Кўргазмада 100 нафардан ортиқ боланинг 1000 дан ортиқ ижодий ишлари тақдим этилди.

Тадбирнинг очилиш қисмида модераторлар Муаззам Иброҳимова ва Азиза Қурбоновалар болалар ва уларнинг ота-оналарига касалликни енгиш бўйича мотивацион нутқ сўзлаб беришди.

Қорбобо совғаларни тарқатиб бўлгандан сўнг тадбирнинг энг қизиқ қисми бошланди – болалар ўзларининг энг сара асарларини саҳнага олиб чиқиб, аукцион қилиб сотишди. Бу аукционнинг ўзига хос жиҳати унда талабаларнинг иштироки бўлди ва улар жуда фаоллик кўрсатишди.

Болалар суратлари аукционда энг ками 200 минг, энг кўпи 600 минг сўмгача сотилди.

“Ота-онамга ижара тўлови тўлашга ёрдам берсам эди” дея қўл меҳнати билан сумкача ва Ўзбекистон байроғини тўқиб келган Севинч ўзига хос рекорд ўрнатди.

Сумкачани журналист Азиза Қурбонова 1 млн сўмга сотиб олган бўлса, Ўзбекистон байроғини Тошкент шаҳар ҳокимлиги масъули Дурдона Раҳимова 1,5 млн сўмга харид қилди ва ҳокимиятнинг энг кўринарли жойига осиб қўйишга ваъда берди.

Кўргазманинг муҳим лотлари бўлган қадимий сурат “Ишонч” газетаси жамоаси номидан иштирок этган Салим Абдураҳмонов томонидан 1.5 млн сўмга, Диёра Келдиёрованинг шахсан имзолаб берган кимоноси 1,3 млн сўмга харид қилинди.

Асосий лот – “Умид” номли сурат нусхаси шифокор Нигора Муратова ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги вакили Дурдона Раҳимова ўртасида талаш бўлди ва босқичма-босқич кўтарилиб бориб, 2.5 млн сўмга сотилди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+