platina.uz
Иқтисод

Ўзбекистонда катта АЭС қуриш бўйича келишув имзоланди

Бу ҳақда фақат рус ОАВ хабар берди, ўзбек расмийлари ҳозирча сукут сақламоқда.

Ўзбекистонда катта АЭС қуриш бўйича келишув имзоланди

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Ўзатом" агентлиги ва "Росатом" давлат корпорацияси Ўзбекистонда катта қувватли АЕС қуриш бўйича келишувни имзоладилар.

Бу ҳақда рус нашрлари ва "Росатом" канали хабар берди. Ҳужжатлар имзолаш маросимида "Ўзатом" директори Азим Ахмедхўжаев ва "Росатом" бош директори Алексей Лихачев қатнашган.

“Ўзбекистондаги кичик модулли электр станцияси – бу замонавий кичик АЭСнинг дунёдаги биринчи экспорт маҳсулотидир. Ҳозир биз лойиҳани кенгайтириш устида ишлаяпмиз ва ушбу ҳудудда (Жиззахда) гигаватт қувватига эга бўлган яна иккита йирик энергия блокини қуриш устида иш олиб бормоқдамиз”, деган Лихачев.

Олий Мажлич Қонунчилик палатаси Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалари қўмитаси раиси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раҳбари Бобур Бекмуродовнинг қайд этишича, йирик атом электр станцияси қурилиши ҳақидаги янгиликларни фақат ва фақат Ўзбекистон расмийларидан олишимиз мақсадга мувофиқ.

2024 йил май ойида "Ўзатом" ва "Росатом" умумий электр қуввати 330 МВт бўлган олтита реактордан иборат кичик атом электр станциясини қуриш бўйича шартнома имзолаганди. Шу тариқа Ўзбекистон ва Россия кичик АЭС лойиҳасини қайта кўриб чиқиб, унинг қувватини уч бараварга – 330 МВт дан 110 МВт гача камайтирганди.

2024 йил октябр ойида Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов атом электр станцияси қурилиши кичик қувватли реакторлардан бошланишини, бироқ Ўзбекистонга “барибир йирик реактор кераклиги”, бу 2030 йилга бориб қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 40% га етказиш режалари билан боғлиқлигини айтган.

"Ўзатом" директори Азим Ахмедхўжаев "Алтер Эго"га берган интервюсида Ўзбекистонга электр энергиясига бўлган талабни қоплаш учун катта қувватли тўртта АЭС керак, деган фикрни маъқуллаган. “Биз ҳар йили кўраётган тенденциялар ва истеъмол ҳажмини ҳисобга олган ҳолда, ҳа, буларнинг барчаси учун катта АЕС қуриш зарур”, деганди у.

Жорий йилнинг март ойида "Ўзатом" ва "Росатом" Ўзбекистонда катта қувватли АЕС қуриш истиқболларини муҳокама қилган. Музокаралар доирасида объектни жойлаштириш вариантлари кўриб чиқилган, миллий энергетика инфратузилмасини барқарор ривожлантиришга қаратилган лойиҳанинг техник ва стратегик параметрлари таҳлил қилинган.

28 апрел куни Шавкат Мирзиёев ИННОПРОМ Марказий Осиё халқаро саноат кўргазмаси доирасида "Росатом" бош директори Алексей Лихачев билан учрашган. Унда тинч атом соҳасидаги ҳамкорлик фаол ривожланаётгани қайд этилган.

“Агар эмас, балки қачонки Ўзбекистон раҳбарияти катта АЭС мавзусига қайтганида, бизда аллақачон таклифлар тайёр бўлади – нафақат ушбу бўлажак объектларнинг кўриниши бўйича, балки Ўзбекистонда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан маҳаллийлаштириш билан боғлиқ молиявий ва ташкилий масалалар бўйича ҳам, катта ҳажмдаги ишлар бўйича ҳам”, деган Лихачев.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid