platina.uz
Жамият

Жиззахда лойиҳа-сметасиз АЭС қурилиши бошланди

Иқтисодчилар станциянинг лойиҳасида қанча маблағлар ёзилганига қизиқиш билдирган, аммо ҳозирча маълумотлар очиқланмаган.

Жиззахда лойиҳа-сметасиз АЭС қурилиши бошланди

Жиззахда тинчлик мақсадида деб айтилган атом электр станцияси қурилиши бошланган. Ҳандақ қазиш ишларини "Ўзатом" ва "Росатом" раҳбарлари расмий очиб беришган.

Аммо айрим иқтисодчилар ушбу АЭС лойиҳа-сметасиз қурила бошланганига эътибор қаратишган. Хусусан, Отабек Бакировнинг ёзишича, лойиҳанинг аниқ қиймати, ҳатто бош шартнома ҳам йўқ.

"Ўтаётган ҳафтада Россиянинг Украинага босқини сабаб АҚШ санкцияларига киритилган Лихачев (Украинага ҳудудидаги Запорожье АЭСни босиб эгаллаб олган "Росатом" директори) ва унинг маҳаллий ҳамкасби Ахмедходжаев Жиззахда АЭС қурилиши бошланганини эълон қилишди.

Лекин бу жараёнда кўпчилик яна эътибор қилмаган навбатдаги ўта хавфли қадам ҳам бор. Ҳали бирон жойда АЭС қурилиши бўйича лойиҳа-сметаси тасдиқлангани эълон қилингани йўқ. Тинимсиз ўзгариб бораётган лойиҳанинг аниқ қийматиям йўқ, ҳали бош шартноманинг ўзиям йўқ.

Эслатиб ўтиш керакки, ўтган йили фожеали ўлимлар ва улкан йўқотишларга олиб келган авария юз берган, кейинги тақдири номаълум қолаётган "Мустақилликнинг 25 йиллиги" газ-кимё мажмуаси бўйича ҳам лойиҳа-сметаси тасдиқланмай қурилиш бошланган. Ўзи шонли-шотир энергетиклар ва пудрат қиролининг қўли теккан мегалойиҳа борки, GTL заводдан тортиб Ёшлик кони фабрикаларигача, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан бир вақтда қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишга рухсат берилган. Яъни, бу "форточка" билан нарх ҳам каррасига ошаверади, якуний тасдиқланмаган лойиҳа тинимсиз ўзгараверади, бу усул Ўзбекистонда давлат ва бюджет маблағларини ҳисобсиз ўзлаштириш ва ўзбек халқини соғиш воситасига айланиб қолган.

Қурилиш ишларини лойиҳа-смета ишлари билан баравар олиб боришни бутунлай тўхтатиш лозимлиги ҳақида охирги йилларда бир неча марта гапирилган. Тасдиқланган Лойиҳа йўқми, Лойиҳачида ҳам, Буюртмачида ҳам, Пудратчида ҳам ҳеч қандай масъулият ва жавобгарлик бўлмайди", деб ёзган иқтисодчи.

Расмий хабарга кўра, 2026 йил март ойида реактор қурилмаси учун “биринчи бетон” қуйиш ишлари бошланади.

“Ушбу лойиҳа ҳурматли Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилмоқда. Бу Ўзбекистоннинг энергетик мустақиллиги учун янги даврни очади, барқарор энергия таъминотини таъминлайди, иқтисодий ўсишни рағбатлантиради ва минглаб янги иш ўринларини яратади. Маҳаллий ресурслар ва технологиялардан фойдаланиш лойиҳани ҳақиқий миллий лойиҳага айлантиради ва мамлакатнинг технологик суверенитетини мустаҳкамлайди”, деган АЭС қурилиши дирекцияси директори Абдижамил Калмуратов.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 70 119 55 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid