Тошкентда 4 та янги меҳмонхона қурилади
Йил охиригача фойдаланишга топширилиши режалаштирилган ушбу биноларга 155 млрд сўм сарфланади.

Тошкент шаҳрида туризм соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ривожлантириш ва жами 100 та янги жойлаштириш воситасини ташкил этиш мақсадида 4 та янги меҳмонхона қурилади.
Халқ депутатлари шаҳар кенгаши 19 июнда имзолаган қарорда 2025 йилда Тошкент шаҳрида туризмни ривожлантириш бўйича ҳудудий дастурни муҳокама қилиш масаласи кўтарилган.
Қуриладиган меҳмонхоналар учун 155 млрд сўм ажратилади. Бунда хостел ва оилавий. меҳмонхоналарни ташкил этиш истагида бўлган талабгорларнинг рўйхатлари шакллантирилади.
Биринчи меҳмонхона Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти ҳудудида қурилади. Лойиҳани ишга тушириш бўйича тармоқ жадвалларини ишлаб чиқиш 2025 йил 25 июл, меҳмонхонани ишга тушириш эса 2025 йил 30 декабрга мўлжалланмоқда.
Яна иккита меҳмонхона – бири Олмазор туманида, иккинчиси Миробод туманида Хитой компаниялари томонидан қурилади. Тўртинчиси эса Яккасарой туманида қурилади. Булар ҳам 30 декабрда топширилиши режалаштирилган.