Тошкентда 2 та меҳмонхона сотилди
Ҳар иккала меҳмонхона ҳам шаҳарнинг кўзга кўримли қисмида жойлашган ва кўпинча халқаро тадбирларга мезбонлик қилади.
Тошкент шаҳри марказида жойлашган Lotte City Hotel Tashkent Palace ва International меҳмонхоналари сотиб юборилди.
Lotte меҳмонхонасини сотиб олиш учун қўйилган талабларига қатъий риоя этган ҳолда бошқа талабгорларнинг тижорат таклифидан юқори нарх таклифини билдирган ALFA INVEST суғурта компанияси 20 млн доллар миқдорида сотиб олиш тўловини тўлаш шарти билан савдо ғолиби деб топилган.
Меҳмонхона ташқи кўринишининг архитектура қиёфасини инобатга олган ҳолда келгусида ҳар қандай қурилиш-таъмирлаш ва реконструкция ишларини Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Маданий мерос агентлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
International меҳмонхонасини сотиб олиш учун энг юқори нарх таклифини билдирган Smart Fast Stroy МЧЖ 26 млн доллар миқдорида сотиб олиш тўловини тўлаш шарти билан савдо ғолиби деб топилган. Шу билан бирга, инвестор банк олдидаги 14,7 млн евро миқдоридаги кредит қарздорлигини ҳам қабул қилган.