Президент Қашқадарё вилоятида бўлиб турибди
Шавкат Мирзиёев дастлаб Қаршидаги қиймати 10 млн долларлик корхонага борди, сўнгра Шаҳрисабз йўлида поездда қашқадарёлик фаоллар билан мулоқотда бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёев 19 июн куни Қашқадарё вилоятига ташриф билан келди.
Жорий йилнинг беш ойида Ўзбекистонда саноат 6,4 фоиз ўсган, бу соҳада экспорт 6 миллиард доллардан ошган.
Бунда Қашқадарё саноатининг ҳиссаси катта. Қарши шаҳридаги “Alp texno servis” шундай экспортчи корхоналардан бири. Қиймати 10 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳа электр техникаси йўналишида глобал етказиб бериш занжирида ўрин топган. Корхона хорижий “TСL”, “HOFFMANN” брендлари учун буюртмалар тайёрлаб бермоқда. Шунингдек, маҳаллий SMART брендига асос солинган. Шу номлар остида йилига 500 минг донагача телевизор ва электрон платалар ишлаб чиқарилмоқда.
Маҳсулотлар юқори технологик, сифати ва дизайни бозор талабига мос. Шу боис 70 фоиз товарлар экспортга йўналтирилмоқда. Ўтган йили 2 миллион доллардан зиёд экспорт қилинган. Бу йилги режа 10 миллион доллар.
Давлатимиз раҳбари бу тармоқни янада ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.
- Бу соҳада тажриба орттирдик, ташқи бозорга йўл топдик. Энди бу корхонани кенгайтириш керак. Одамзот бор экан, бундай маҳсулотларга талаб бўлади. Фақат сифат ва номенклатура бўйича ўсиш, рақобатбардош бўлиш зарур, - деди Шавкат Мирзиёев.
Яна бир муҳим вазифа - маҳаллийлаштириш. Ҳозир корхонада бу кўрсаткич 50 фоиздан ошган. Келгусида 20 миллион долларлик яна 4 та лойиҳани амалга ошириб, чангютгич, электр чойнак, ҳаво совутгич, вентилятор ишлаб чиқариш режалаштирилган. Буларнинг натижасида йилига 30 миллион долларлик экспорт имконияти яратилади.
Корхонада 200 киши иш билан таъминланган. Қарши давлат техника университети билан дуал таълим йўлга қўйилган.
Давлатимиз раҳбари Қарши шаҳридан Шаҳрисабзга кетаётиб, поездда қашқадарёлик фаоллар билан мулоқотда бўлди.

Суҳбатда шаҳару қишлоқлардаги ўзгаришлар, аҳоли ҳаёти, бугунги тинчлик қадри ҳақида сўз борди.
Ҳудудлар имкониятини тўлиқ ишга солиш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган дастурлар натижасида юртимизнинг ўзида муносиб меҳнат шароитлари яратилмоқда. Ёшлар ва хотин-қизлар даромадли касбларга ўқитиляпти.
Иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришлар самарасида саноат жадал ривожланмоқда, илғор технологияли корхоналарда қўшилган қиймат яратилмоқда. Қишлоқ хўжалиги, туризм, транспорт, энергетика соҳаларида улкан лойиҳалар ишга туширилмоқда.
Президент иқтисодиёт ривожи, аҳоли кайфиятида йўлларнинг аҳамияти юқори эканини таъкидлаб, бу борада мутасаддиларга топшириқлар берди. Охирги 2 йилда юртимизда 40 минг километр йўл ва 540 та кўприк таъмирланган. Бу йил Қашқадарёда жами 100 километр магистрал йўллар таъмирланиши режалаштирилган. Бу лойиҳаларни тезлаштириш, йўл бўйларини ободонлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.