platina.uz
Жамият

Ўзбекистон Россия ташқи ишлар вазирлигига нота йўллади

Ўзбекистон фуқароларига нисбатан рухсатсиз текширувлар, ҳурматсизлик ва қўпол муомалалар кузатилаётгани бунга сабаб бўлган. 

Ўзбекистон Россия ташқи ишлар вазирлигига нота йўллади

Ўзбекистон Москвада мигрантларга ноинсоний муносабат кўрсатилгани сабаб Россия ТИВга нота юборди.

Бугун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Россия томони билан ҳар ой миграция масалалари бўйича ўтказиладиган навбатдаги учрашув ташкил этилди.

"Россия Федерацияси ҳудудида айрим ҳолатларда Ўзбекистон фуқароларига нисбатан рухсатсиз текширувлар, ҳурматсизлик ва қўпол муомалалар кузатилаётгани тўғрисидаги хабарлар ташвиш уйғотаётганини таъкидладик.

Бундай ҳолатлар мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларга асло тўғри келмаслиги, уларни олдини олиш учун аниқ чора-тадбирлар зарурлигига эътибор қаратдик", дейилади ТИВ хабарида.

Ушбу масала юзасидан Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчихонаси томонидан ҳам Россия томони билан тегишли дипломатик каналлар орқали мулоқот олиб борилмоқда.

Ўзбекистон томони барча фуқароларга нисбатан халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқларига риоя қилинишини таъминлашга чақирган.

Шу муносабат билан, Россия Федерациясининг тегишли идораларини Ўзбекистон фуқароларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмасликка чақирилган.

Москвадаги ҳолат юзасидан Россия Ташқи ишлар вазирлигига Ўзбекистон элчихонаси томонидан нота юборилиб, Россия ТИВдан ушбу ҳолатга изоҳ бериш ҳамда инсон ҳуқуқлари яққол бузилганлиги акс этганлиги, бу эса қабул қилиб бўлмас ҳолатлиги таъкидланиб, куч ишлатар ташкилот вакилларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш сўралган.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ушбу масалани ўзининг доимий назоратида ушлаб туради ва керакли ҳолларда қўшимча чоралар кўришни давом эттиради, дейилади хабарда.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid