platina.uz
Жамият

Шавкат Мирзиёев Азим Латипов вафоти сабаб ҳамдардлик билдирди

Латипов Ўзбекистонда фермерлик ҳаракатини шакллантиришда алоҳида жонбозлик кўрсатган. 

Шавкат Мирзиёев Азим Латипов вафоти сабаб ҳамдардлик билдирди

Президент Шавкат Мирзиёев ва бошқа давлат арбоблари Ўзбекистон Қаҳрамони Азим Латипов вафоти сабаб ҳамдардлик билдирди.

Таниқли фермер, “Азим Шофиркон юлдузи” фермер хўжалигининг раиси, жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони Азим Шукурович Латипов шу йил 6 июнда 74 ёшида вафот этди.

А.Латипов 1951 йил 5 июнда Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида туғилди. Ўрта мактабни, кейинчалик Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш техникумини тугатгач, меҳнат фаолиятини Шофиркон туманидаги “Бухоро” жамоа хўжалигида механик сифатида бошлади ва кўп йиллар давомида мазкур хўжаликда бригада бошлиғи лавозимида самарали иш олиб борди.

Ўзининг бутун онгли ҳаёти ва меҳнат фаолиятини мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги ривожига бағишлаган меҳнаткаш инсон 1996 йилдан бошлаб “Бухоро” жамоа хўжалиги раиси сифатида иш юритиб, ўзининг бой билим ва тажрибаси, ташкилотчилик ва жонкуярлик фазилатлари билан кўпчиликка ибрат ва намуна бўлиб, мураккаб иқлим шароитида ғалла ҳосилдорлигини икки баробар оширишга эришди.

"Юртимизда фермерлик ҳаракатини шакллантиришда алоҳида жонбозлик кўрсатган А.Латипов 2007 йилда “Азим Шофиркон юлдузи” фермер хўжалигини ташкил этди ва умрининг охирига қадар уни муваффақиятли бошқариб, том маънода илғор ва замонавий, кўп тармоқли хўжаликка айлантирди.

Заҳматкаш фермернинг саъй-ҳаракатлари, эзгу ташаббуслари билан бу ерда ўзига хос тажриба мактаби яратилиб, хўжалик чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, боғдорчилик ва полизчилик йўналишларида ҳам самарали фаолият юритмоқда. Ҳудудда кам таъминланган оилаларнинг уйлари таъмирланиб, уларга ғалла ва озиқ-овқат маҳсулотлари ҳомийлик асосида етказиб берилмоқда.

Азим Латипов ҳақиқий халқ оқсоқоли сифатида доимо эл-юртнинг дарду ташвишлари билан яшади. У узоқ йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзоси, Халқ депутатлари Бухоро вилояти кенгаши депутати сифатида миллий мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, ижтимоий-иқтисодий тараққиётимиз учун зарур бўлган муҳим қонунларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга, ҳудудда кенг кўламли ободончилик ишларини олиб боришга, аҳоли турмуш даражасини юксалтиришга катта ҳисса қўшди",дейилади хабарда.

Азим Латипов “Шуҳрат” медали ҳамда Ватанимизнинг олий нишони – “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан мукофотланган эди.

Тавсия этамиз

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid