Ўзбекистон Қаҳрамони Парда Зиятов вафот этди
Президент Шавкат Мирзиёев унинг вафот сабаб ҳамдардлик билдирди. Парда Зиятов 1990–1995 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати, 2005–2015 йилларда Олий Мажлис Сенати аъзоси бўлган.

Таниқли фермер, Ўзбекистон Қаҳрамони Парда Зиятов шу йил 23 сентябрь куни 79 ёшида вафот этди. Президент Шавкат Мирзиёев унинг вафот сабаб ҳамдардлик билдирди.
Парда Зиятов 1947 йили Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов (собиқ Жиззах) туманида туғилди. Ўрта мактабни тугатиб, Самарқанд қишлоқ хўжалиги техникумида агроном мутахассислиги бўйича таҳсил олди.
Ҳарбий хизматни ўтаб келгач, меҳнат фаолиятини тумандаги Ҳамроқул Носиров номидаги жамоа хўжалигида табелчи сифатида бошлади. Кейинчалик мазкур хўжаликда бригада бошлиғи, ширкат хўжалиги бош пудратчиси каби вазифаларда самарали фаолият кўрсатди.
Парда Зиятов 2003–2018 йилларда Шароф Рашидов туманидаги “Қуёшсевар Парда” фермер хўжалигига раҳбарлик қилиб, мамлакатимизда аграр соҳада кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш, фермерлик ҳаракати ривожини янги босқичга олиб чиқишга катта ҳисса қўшди. У шартнома режаларини мунтазам ортиғи билан бажариб келган, пахтачилик ва ғаллачиликда ўз тажриба мактабини яратган заҳматкаш фермер обрў-эътибор топди.
Машҳур фермер кўплаб ёшларга устозлик қилиб, қишлоқ хўжалиги соҳасини малакали кадрлар билан таъминлаш борасида ҳам алоҳида жонбозлик кўрсатди.
Парда Зиятов 1990–1995 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати, 2005–2015 йилларда Олий Мажлис Сенати аъзоси ҳамда кўп йиллар давомида Халқ депутатлари вилоят ва туман кенгашлари депутати сифатида фаолият юритди.
Парда Зиятовнинг кўп йиллик самарали меҳнати давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан мукофотланган эди.




