АҚШда Ўзбекистон фуқароси қўлга олиниб, Тошкентга қайтарилди
Ушбу шахс ўта йирик миқдордаги фирибгарлик жиноятини содир этганликда айбланмоқда.

Ўзбекистон Интерполининг Миллий марказий бюроси кўмагида АҚШда қидирувдаги шахс қўлга олинди ва у ўз юртига қайтарилди.
Ўзбекистон Интерпол Миллий марказий бюросининг ахборот кўмаги ҳамда АҚШнинг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси билан яқин ҳамкорлиги туфайли, мамлакатимиз ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қидирилаётган Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди ва мамлакатдан чиқариб юборилди.
Ушбу шахс Жиноят кодексининг 168-моддаси, 4-қисмида назарда тутилган ўта йирик миқдордаги фирибгарлик содир этганликда айбланмоқда эди.
Ўзбекистон Интерпол ММБ ходимлари ва АҚШнинг ваколатли органлари ўртасида ўтказилган музокаралар, қўшма тезкор ҳаракатлар ҳамда ўзаро маълумотлар алмашиш натижасида, Америка томони билан ҳамкорликда қидирув эълон қилинган шахсни мамлакат ҳудудидан чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинди.
АҚШнинг Иммиграция ва божхона полицияси (ICE) ходимлари кузатувида айбланувчи Ислом Каримов номидаги Халқаро аэропортга келтирилди ва кейинчалик жавобгарликка тортиш мақсадида Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюроси ходимларига топширилди.