platina.uz
Маданият

Бўзатов фестивали якуний босқичига етиб келди

Ушбу лойиҳа янги-янги истеъдодларни кашф қилишда аллақачон ўз ўрнига эга бўлиб улгурди. 

Бўзатов фестивали якуний босқичига етиб келди

Бўзатов фестивалининг барча ҳудудий босқичлари якунланди. Республика босқичи 3-7 июн кунлари илк марта Тошкент шаҳрида ўтказилади.

Ўтган вақт давомида танловнинг республика босқичи фахрли ўринларни эгаллаган ёшлар “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, “Шуҳрат”, “Келажак бунёдкори” (4 нафар), “Мард ўғлон”, “Зулфия” номидаги Давлат мукофотлари совриндорлари, “Ниҳол” мукофоти ва бир қатор бошқа республика ҳамда халқаро танловларда ғолибликка эришган.

Ҳар йили ўтказилиши анъанага айланган “Ёшлар овози” – Бўзатов фестивали тизимли равишда йўлга қўйилгани энг чекка ҳудудлардаги яширин истеъдодларни кашф этишга ҳам замин яратяпти.

Танловда ҳар бир йўналиш ва ёш тоифасида республика босқичида 1-ўринга 50 млн сўм, 2-ўринга 30 млн сўм ҳамда 3-ўринга 20 млн сўм пул мукофоти топширилади. Қолган барча республика босқичи иштирокчилари эса 10 млн сўмдан пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Танловнинг илк босқичи бутун республикада мавжуд ҳар битта маҳаллада ўтказилади. Яъни энг чекка ҳудуддаги ёш ҳам, энг марказдагиси ҳам эътибордан четда қолмайди – барча йигит-қизлар қатнашишига тенг имконият яратилган.

Танловнинг янги мавсумида яна 36 нафар иқтидор эгалари аниқланади.

Бўзатов фестивалида ғолиб бўлган иқтидорлар хорижий лойиҳаларда ҳам қатнашиб, ҳаммани лол қолдиряпти. Хусусан, “Бўзатов ёшлар овози 2022 йил” танловида 1-ўринни қўлга киритган 12 нафар иқтидорли ёш 2023 йил 17-28 май кунлари Италияда малака ошириб, “Ўзбекистон маданияти” ҳафталигида концерт дастурлари билан иштирок этишган.

Маълумот учун, 2019 йил Қорақалпоғистон Республикасида Бўзатов тумани ташкил этилган. 2020 йил эса Президент Шавкат Мирзиёев қорақалпоғистонлик ёшлар билан мулоқот чоғида ёш истеъдод эгалари мана шу гўзал масканга келиб, туманнинг обрўсини ва довруғини бутун дунёга танитиш учун “Ёшлар овози” – Бўзатов FEST танловини ўтказиш ташаббусини илгари сурганди.

Давлат раҳбарининг ташаббусидан сўнг, 2021 йилдан бошлаб Ёшлар ишлари агентлиги ва ҳамкор ташкилотлар ушбу танловни ўтказиши анъанага айланди. Танлов бахшчилик, анъанавий ижро, опера ва эстрада йўналишлари бўйича маҳалладан бошланиб, сектор, туман, вилоят ва республика босқичларида ўтказилади.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid